islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аёлларга етиборсизлик хатардир

Аёлингизни эътибор билан тингланг. Бу нарса ундаги ғам ва ташвишларни кетказишга хизмат қилади, безовталик ва ёлғондан узоқ қилади. Лекин баъзи аёллар борки, уни гапиришдан тўхтата олмайсиз ёки сизнинг яқинларингизни ёмонлашдан тўхтамайди. Бундай пайтда сиз бу масалага ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат орқали ёндашишингиз лозим.

Хотинингизга у ҳар қандай хатардан йироқ экани, сиз унинг ҳаққини поймол қилмаслигингиз ёки ундан ажралмаслигингизни билдириб қўйинг.

Аёлингизга имкон борича иқтисодий томондан кафил эканингизни билдириб қўйинг. Отасидан мерос бўлиб қолган бойликка кўз олайтирманг. Шаръий томондан унинг бойлигига эга чиқишингиз ҳалол эмас.

У бой-ку деган фикрда унга нисбатан бахиллик қилманг. У қанчалар бой бўлмасин сиз отасининг ўрнини босадиган ҳақиқий ўринбосар эканингизни ҳис этишга жуда муҳтож.

Эркаклар ва аёллар билан ижтимоий алоқалар борасида ислом буюрган чегарадан ташқари ҳолда аралашиб юрманг. Эр-хотинлик турмуши бузилиб кетган кўп хонадонларнинг вайрон бўлишидаги катта сабаблардан бири ана шундай алоқалардир.

Аёлингизга маҳрам бўлмаган ҳар қандай шахсга уйингизга киришига рухсат берманг. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Бегона аёлларнинг олдига киришдан сақланинг”, деганлар.

Аёлингиз, ота-онангиз ва қариндошларингизга бўлган муҳаббатингиз чегарасини белгилаб олинг. Бири иккинчсига таъсир қилмасин. Бир муҳаббат бошқа муҳаббат устидан ҳоким бўлмасин. Ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳақини чиройли ва тўғри тарзда беринг.

Ҳаётнинг барча жабҳаларида аёлингиз сизга қандай муносабатда бўлишини хоҳласангиз ўзингиз унга шундай муносабатда бўлинг. Сиз нимани хоҳласангиз у ҳам шуни хоҳлайди.

Унга уй ичида ва уй ташқарисида турли шароитларни яратиб беринг.

Аёлингиз сизга маънан ҳамроҳ бўлишини хоҳлаганингиздек сиз ҳам унга маънан ҳамроҳ бўлинг, унинг оила аъзоларини зиёрат қилинг, ҳурмат қилинг. Бу борада Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам барчамиз учун намунадир.

Ишингизга ҳаддан ортиқ берилиб, унинг сизни ишингиздан рашк қилишига сабабчи бўлиб қолманг. Барча вақтингизни иш билан ўтказманг. Хусусан, дам олиш кунлари. Уйда бўлсин, кўчада бўлсин, дам олиш кунлари ҳам ўзингизни ундан маҳрум қилманг. Акс ҳолда у малоллик ва зерикишни ҳис қилади.

Фақат ўз фикрингиз асирига айланиб қолманг, аёлингиздан маслаҳат сўраб туринг ва агар тўғри бўлса, уни қабул қилинг. Агар унинг фикри нотўғри бўлса, мулойимлик билан у фикрдан воз кечинг.

Уйдан чиққан вақтингизда у билан табассум ила хайрлашинг, дуо қилишини сўранг. Уйга кирсангиз сизни кутиб олишига тайёр бўлиши учун тўсатдан бостириб кирманг. Бунинг сабаби сиз ёқтирмаган ҳолатда бўлиб қолмаслиги учун эди. Хусусан, сафардан келган вақтингизда.

Аёлингиз билан бирга ҳаётга ягона ислом нигоҳи ила назар солинг. Сиз ундан кучли эканингизни ёдга олинг. Севикли Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам сизга шундай васият қилган: “Аёлларга мулойим муносабатда бўлинг!”, “Аёллар эркакларнинг қардошидир”, “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин, аёлларга яхши муносабатда бўлинг!”.

Баъзи уй юмишларида аёлингизга ёрдам беришга ҳаракат қилинг. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз аёлларига чиройли муомала қилишлари, уй ишларида кўмак беришлари ҳақида хабарлар етиб келган. Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам оилаларининг хизматида бўлар, намоз вақти бўлса, намозга чиқар эдилар”.

Аёлингизнинг баъзи камчиликларидан кўз юминг. Бу камчиликни беркитадиган бошқа чиройли ва гўзал хислатларини ёдга олинг. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши мўмина аёлни ёмон кўрмасин. Бир нарсасини ёмон кўрган бўлса, бошқа нарсасидан рози бўлган”, деб айтганлар.

Тии мўдул таълим шакли 502-гуруҳ талабаси Муродуллох домла Рахмонов

344341cookie-checkАёлларга етиборсизлик хатардир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: