كنز
40-савол: Аллоҳ таоло айтади:
وَأَمَّا الْجِدَارُ فَكَانَ لِغُلَامَيْنِ يَتِيمَيْنِ فِي الْمَدِينَةِ وَكَانَ تَحْتَهُ كَنْزٌ لَهُمَا وَكَانَ أَبُوهُمَا صَالِحًا فَأَرَادَ رَبُّكَ أَنْ يَبْلُغَا أَشُدَّهُمَا وَيَسْتَخْرِجَا كَنْزَهُمَا رَحْمَةً مِنْ رَبِّكَ
«Деворга келсак, у шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида икковларининг хазинаси бор эди. Уларнинг оталари солиҳ одам эди. Бас, Роббинг икковларининг вояга етишини ва хазиналарини чиқариб олишини ирода қилди. Бу, аллоҳнинг раҳмати ила бўлди» (Каҳф сураси, 82-оят).
Хазинадан мурод нима?
40-жавоб: Муфассирлар ушбу сўзнинг маъноси тафсирида ихтилоф қилганлар:
Икрима розияллоҳу анҳу айтади: «Унинг тагида иккалови учун кўмиб қўйилган мол бўлган».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: «Унинг тагида илм хазинаси бўлган».
Ҳасан Басрий айтади: «Унинг тагида олтиндан бир лавҳ бўлиб, унда шулар ёзилган бўлган: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, тақдирга иймон келтириб, маҳзун бўлган кишидан, ўлимга иймон келтириб, қувонган кишидан, дунё ва унинг аҳлининг беқарор эканини билиб туриб, ундан хотиржам бўлган кишидан ажабландим, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Унинг Росулидир».
Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси
Исломхон Убайдуллаев, Қосим Ошурнинг
“Қуръоний жавҳарлар: 1000 саволга 1000 жавоб”
китоби асосида тайёрлади.