Китоб, сенга лаганбардорлик қилмайдиган ўртоқ, алдамайдиган дўст, малол келмайдиган йўлдош ва таҳқирламайдиган насиҳатгўйдир. Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб, етуклик сари илдамлайверади. Китоб ўқимаган инсоннинг онги эса маънавий қашшоқлигича қолаверади.
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчи ва талабаларни институт Ахборот-ресурс марказига янги келган китоблар билан таништириш мақсадида 2018 йил 4 май куни китоблар кўргазмаси ўтказилди.
Кўргазмада АРМга февраль-апрель ойларида олиб келинган китоблар тақдим қилинди. Айниқса, ЎМИ томонидан тақдим қилинган диний-маърифий мазмунда 21 турдаги 25 дона араб, инглиз, рус ва турк тилларидаги газета ва журналлар талабалар диққатини ўзига тортди.
Кўргазмада, шунингдек, ЎМИ, “Мавароуннаҳр”, “Ғафур Ғулом”, “Ўзбекистон” ва “Ҳилол” нашриётларидан олиб келинган 70 турдаги 95 дона китоблар устоз ва талабаларга намойиш қилинди.
Кўргазма илмга интилувчан китобхонлар билан гавжум бўлди. Бу эса улар қалбида мутолаага бўлган қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилади. Бинобарин, китоб мутолаасига қаратилаётган эътибор миллий ўзлигимиз ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этиши билан алоҳида қадрлидир.
Камолиддин Маҳкамов,
ТИИ Ахборот-ресурс маркази мудири