islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Исроф фақатгина бойлик ёки мулкни совуриш эмас…!”

Тошкент ислом институти 1-сонли талабалар турар жойида истиқомат қилувчи талабалар учун Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда Ақоид ва фиқҳ фанлари кафедраси катта ўқитувчиси Яҳё домла Раззоқов “Исрофдан қўрқайлик” мавзусида маъруза қилиб берди.
Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бир неча ояти карималар бор. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз” (Исро сураси, 29-оят).
Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларнинг сифатларини зикр этар экан, уларнинг исрофгар ҳам, хасис ҳам бўлмасликларини баён этади:
“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Фахри коинот айтганларидек: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди”. Яна бир ҳадисда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда: «Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди», дейилган.
Лекин минг таассуфлар бўлсинки, бугун аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай бирваракайига исроф қилинишини кузатиш мумкин.
Тўйлар ва маросимлардаги исрофгарчиликларни қаранг. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади. Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодиёналарни яхши кўради. Лекин тўй маросимларини меъёрида, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда ўтказишимиз керак эмасми?! Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатвосига амал қилган ҳолда иш тутишимиз лозим бўлади. Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқатадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса ёҳуд бева бечоралар кўп болали оилалар, етим-есирларга эҳсон қилинса айни савобли иш қилинган бўлади, иншааллоҳ!
«Исроф» деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлаши кузатилади. Машаққат ва ҳамма нарсадан тежаш эвазига йиллаб йиққан молини ном чиқариш мақсадида бир кечада совуриб юбориши яхши амаллардан саналмайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб, бундай таълим беради:
“…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро сураси, 26-27-оят).
Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам мақтанишнинг юқори кўринишларидандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам, жумладан, бундай дейилган:
“Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!” (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса, буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Бунинг ўрнига маҳалладаги бир эҳтиёжманд оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган талабаларга кўмак бериб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай юрганларнинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир муҳтожни қўллаб юбориш мумкин-ку!
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: “Хайру эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”. Улуғларимизнинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туюлади.
Исроф деганда фақат маблағ, бойлик ёки мулкни совуриш тушунилмайди. Қимматли вақтни беҳуда кетказиш, фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофдир. Куч-қувват ва салоҳиятни эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир. Соғлиқнинг қадрига етмай, тинкани қуритадиган ёки саломатликка хавф соладиган ишларга муккадан кетиш ҳам исрофдир. Сўз қадрига етмай, ҳар қадамда, ҳар соҳада сўз қотиш ҳам исроф қилинмоқда.
Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди. Унинг оғир гуноҳлардан эканини доимо ҳис этайлик.

 

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходими Ш.Бадиев

351260cookie-check“Исроф фақатгина бойлик ёки мулкни совуриш эмас…!”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: