Бугун Алишер Навоий номидаги Киночилар уйида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида республикадаги барча олий таълим муассасалари ректорлари, Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, профессионал таълим муассасалари ва академик лицейлар директорлари, жами 2 мингга яқин раҳбар иштирокида семинар бўлиб ўтди. Семинарда Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров ҳам иштирок этди.
Дин ишлари бўйича қўмита, тегишли масъул ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирни Президентнинг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов очиб берди.
Қайд этилганидек, бугунги глобаллашув даврида турли мафкуравий таҳдидларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш масалаларини талаба-ёшлар ўртасида тарғиб қилиш мақсадида қарийб 3 ой давомида олий ва профессионал таълим муассасалари ўқувчи-талабалари, ўқитувчи-профессорлари иштирокида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар, бугунги кунда дунёнинг турли жойларида сиёсий ва ҳарбий, иқтисодий ва ижтимоий зиддиятлар, турли ахборот хуружлари ва мафкуралар тўқнашуви кескин тус олаётгани, бу жараёнда “Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этаётганига тўхталишди.
Президентимиз томонидан таъкидланганидек, “Жаҳолатга қарши – маърифат”ни қурол қилган аждодларимиздан бизгача етиб келган бой маънавий мерос ўзига хос нажот қалъаси, ҳимоя қўрғони вазифасини ўтаётганига гувоҳ бўлинаётгани қайд этилди.
Бугун Сиз билан энг муҳим ва долзарб вазифамиз бўлган ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, тинчлик осойишталигимизни асраш масаласида ўзаро фикр алмашиш учун йиғилдик, – деди вазир.
Шунингдек, тегишли ҳамкор ташкилотлар билан бирга қарийб 3 ойдан буён олий ва ўрта махсус таълим тизимида ўтказилаётган бу каби кенг кўламли тарғибот-ташвиқот тадбирларининг юқори савияда ўтказилиб, уларда 500 мингдан ортиқ ўқувчи-талабалар ва профессор-ўқитувчилар қамраб олингани алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида йиғилганлар учун жаҳолатга қарши маърифатни тарғиб этувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Якунда эса тарғибот-ташвиқот тадбирларини юқори савияда ўтишида бош-қош бўлган, яқиндан кўмак берган бир гуруҳ ташкилотчиларга миннатдорлик рамзи сифатида вазирликнинг эсдалик совғалари ва ташаккурномалари топширилди.