islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Олий маъҳад янги ректори жамоага таништирилди

Аввал хабар берганимиздек, Тошкент ислом институти ректори вазифасида ишлаб келаётган Уйғун домла Ғафуров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари лавозимига ўтгани муносабати билан Олий маъҳадга янги ректор тайинланди.

Муҳаммадолим домла Муҳаммадсидиқовни ТИИ ректори сифатида таништириш мақсадида умумий йиғилиш ўтказилди.

Тадбир Қуръон тиловати билан бошланди.

Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов ва институт жамоаси иштирок этди.

Институт Низомига кўра, ректор, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Уйғун домла Ғафуров Олий маъҳадга 8 йил давомида ректорлик қилиб, ўқув, илмий, маънавий-маърифий ва ташкилий йўналишларда жамоа билан биргаликда хайрли ва самарали ишларни амалга оширди.

Салмоқли меҳнатларини инобатга олиб У.Ғафуровга ТИИ жамоаси номидан Ҳ.Ишматбеков хурмат-эҳтиром рамзи бўлган зарбоп тўн кийдирди ҳамда бир қатор ўқитувчи ва ҳамкасблар янги тайинловлар борасидаги ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Шундан сўнг, ТИИ ректори Муҳаммадолим домла Муҳаммадсидиқов лавозимга киришиши олдидан йиғилишда нутқ сўзлади.

Муҳаммадсидиқов Муҳаммадолим Муҳаммадрозиқ ўғли 1990-1994 йиллари Тошкент ислом институти талабаси, 1994-1999 йиллар оралиғида Миср Араб Республикаси Қоҳира Давлат Университетида таҳсил олган.

Тошкент Давлат Шарқшунослик институтида магистратура босқичини тугатгач, шу таълим муассасасида ўқитувчилик билан бир қаторда турли масъул лавозимларда фаолият олиб борди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита “Диний таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ишлаш бўлими” бошлиғи, Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори” вазифаларида ҳам меҳнат қилган.

Айни пайтгача, сиёсий фанлар доктори (DSc) Муҳаммадолим Муҳаммадсидиқов Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Халқаро муносабатлар ва ижтимоий фанлар” кафедраси мудири, шу билан бирга Тошкент ислом институти Ижтимоий фанлар кафедраси профессори сифатида талабаларга дарс бериб келаётган эди.

Аллоҳ таоло вазифаларга янги тайинланган раҳбарларнинг ишларига хайру барака ато қилсин!

ТИИ Матбуот хизмати

357112cookie-checkОлий маъҳад янги ректори жамоага таништирилди
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: