Имом, ҳофиз, шайхулислом Аҳмад ибн Шуъайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор Абу Абдуллоҳ Хуросоний Насаий ҳижратнинг 215 йили Хуросон шаҳарларидан бири бўлган Нисода дунёга келдилар.
Бу зот “Саҳиҳ” соҳиблари деб тан олинган олти имомнинг бири эдилар. Асъҳоби ҳадислар ичида асллар аҳлининг имоми ва пешқадами эдилар. Ёшлари 15 га етганда Қутайба ибн Саъийд ал-Баҳлийнинг ҳузурларига бориб, бир йил-у икки ой давомида ҳадис эшитадилар. Имом Насаий илм талаб қилиб Хуросон, Ҳижоз, Миср, Ироқ, Арабистон ярим ороли, Шом каби юртларни кезиб чиқдилар. Сўнгра Мисрда “Ал-Қанадийл” номли машҳур китоб бозори бўлган тор кўчада яшадилар. Бу зотнинг ҳузурларига ҳадис эшитиш учун ҳуффозлар ташриф буюришар эди. Ана шу вақтда бу кишига тенг келадиган киши топилмас эди. У зотнинг сифатларини зикр қилиб Дорақутний айтадиларки: “Абу Абдураҳмон ҳадис илмида эсга олинганларнинг муқаддами эдилар”. Ибн ал-Асир “Жоме’ ул-Усул” китобида: “Имом Насаий Шофеъий мазҳабида эдилар ва Шофеий мазҳабида “Ҳаж” китоблари бор. У киши тақволи талабчан бўлиб, Довуд пайғамбарнинг рўзасида давомли эдилар”, – деб айтадилар. Бу зот ровийларни ўз вақтида жароҳатлаб, ўз вақтида таъдил этардилар. Шунинг учун журҳ ва таъдиллари уламолар орасида эътиборлидир.
Имом Насаий таълиф этган китоблари қуйидагилар: “Сунани кубро ва суғро”,”Хасоису фий фазли Али ибн абу Толиб ва оли байт”, ” Китобу зуафо вал матрукийн”, “Маносику Насаий”, “Жамъу муснад Молик ибн Анас ва муснад али ибн Аби Толиб”.
Имом Насаийнинг “ас-Сунани ал-Кубро” китоблари аввалига кўпгина заиф ҳадисларни ҳам ўз ичига олган эди. кейин эса заиф ҳадисларни олиб ташлаб, саҳиҳларини қолдирганлар ва бу китобларини “Ал-Мужтаба” деб номлаганлар. Мазкур китоб бизнинг вақтимизгача етиб келган. Имом Насаийнинг “Ал-Мужтаба” ни ёзишларига сабаб у киши “Ас-Сунанул-Кубро” китобини ёзгач Рамла деган жойнинг амирига тақдим қилганларида, амир: “Бунинг ҳаммаси саҳиҳми?”, – деб сўраган. Имом: “Бунда саҳиҳ ҳам, ҳасан ҳам бор”, – дедилар. Шунда амир саҳиҳларини ажратишни сўради. Шу муносабат билан Имом Насаий “Ас-Сунанул-Кубро” китобларидан саҳиҳ ҳадисларни танлаб “Ал-Мужтаба’ ёки “Ас-Сунанус-Суғро” деб номланган китобни ёздилар.
Бу китоб олтита “Саҳиҳ” деб номланган китобнинг биридир. У биринчи марта 1256-ҳижрий санада Ҳиндистонда чоп этилган ва энг ишончли ҳадис китобларидан ҳамда ҳадис уламолари тарафидан заиф ҳадислари энг кам, мажруҳ кишилари йўқ китоблардан деб тан олинган. Бу ўринда Абу Довуд ва Имом ат-Термизий ҳадисларига солиштирилади. Шунингдек, бу китоб ҳадисларни бир ўриндагина келтиришга, зарурат туғилгандагина бошқа жойда ривоят қилишга эҳтимом қилади. Бир вақтнинг ўзида ҳадислардан фиқҳ ҳукмларини иллатлари баёни билан чиқаришга эътибор беради. Бу зотнинг китобларига кўплаб шарҳлар ёзилган.
Бу зотнинг устозлари эса қуйидагилардир: Аҳмад ибн Абдата аз-Забйи, Аҳмаб ибн Маний’, Башир ибн Муоз ал-Ақдий, Ҳасан ибн Сабоҳ, Муҳаммал ибн Исмоил ибн Айла Дамашқий, Муҳаммад ибн Аббон ал-Бахлий, Али ибн Хожар, Амр ибн Зирората ал-Калбий, Исо ибн Муҳаммад ар-Рамлий, Муҳаммад ибн Ҳошим ал-Баълабакки, Исъҳоқ ибн Шоҳий, Қутайба ибн Саид, Исъҳоқ ибн Иброҳим, Исъҳоқ ибн Мансур, Исъҳоқ ибн Мусо ал-Ансорий, Иброҳим ибн Саид ал-Жавҳарий, Иброҳим ал-Жавжоний, Исо ибн Ҳаммод,Ҳишом ибн Аммор ва бошқалардир. Имом Насаийдан Аҳмад ибн Умайр ибн Жавсо, Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Маллас, Абулқосим ибн Абул Ақб, Абул Маймун ибн Рашид, Абу Али ат-Табароний,Абу Жаъфар ат-Таховий ва бошқалар ривоят қилишган. Муҳаммад ибн Мусо ал-Маъмуний айтадилар: “Имом Насуий Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу фазилатларини ташлаб, Али розияллоҳу анҳуни фазилатлари ҳақида “Хл-Хасоис” китобини ёзди, деб уни қабул қилмай инкор қилаётган қавмни кўрдим. Бу ҳақда Имом Насаийга айтганимда шундай дедилар: “Дамашққа кириб Али розияллоҳу анҳудан узоқлашганлар кўпайганини кўриб, “Ал-Хасоис” китобини тасниф қилдим ва Аллоҳдан уларни ҳидоятга бошлашини умид қилдим.
Бу зот таваллуд топган Нисо шаҳри ҳақида маълумот: Шаҳарнинг Нисо деб номланишининг сабаби шундаки, фотиҳлар Хуросонни фатҳ этишгандан шаҳар эркаклари қочиб кетишган ва мусулмонлар шаҳарда эркак зотини топа олмай, уни ташлаб ўтиб кетишган экан. Шу сабабли у Нисо (“Аёллар”) шаҳри, деб аталган экан. У ҳозирги Туркманистон ерларида жойлашган шаҳардир. Бу ердан Имом Насаийдан ташқари, Абу Аҳмад Ҳомид Зинжавий ал-Аздий каби катта олимлар ҳам чиққан. Имом Насаий ҳижратнинг 303-йили Маккада шаҳид бўлдилар ва Сафо-Марва орасига дафн этилдилар.
Тошкент ислом институти талабаси
Ахмадилло Ғофуржонов