islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Катта Лангар Қуръони саҳифалари Жидда шаҳрида намойиш этилади

Шу йилнинг 23 январидан 23 апрелига қадар Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Ислом санъати бўйича биринчи кўргазмаси бўлиб ўтади.

Халқаро тадбирда Ўзбекистоннинг 17 та экспонати намойиш этилади. Ислом оламининг муҳим қўлёзмаларидан бири бўлган VIII асрга оид Катта Лангар Қуръонининг бир неча саҳифаси, XVII асрга оид “Имом ал-Бухорийнинг Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўплами, Самарқанд ва Афросиёбнинг X-XII асрларга оид сопол кўза ва косалари, миллий либослар, пойабзаллар ва бошқа ноёб экспонатлар шулар жумласидандир.

Саудия Арабистони Маданият вазирлиги ва Дирий биеннале фонди ҳамкоригида ташкил этилган кўргазмадан кўзланган мақсад – ўтмиш, ҳозирги кун ва келажакни боғлашдан иборат.

Кўргазмада Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бошчилигидаги бир нечта ташкилот вакиллари Ўзбекистон тарихий меросини иштирокчиларга таништиради.

Мазкур кўргазмага қўйилган 17 та ашё орасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси музейида сақланаётган энг қадимий Мусҳаф қўлёзмаларидан бири бўлган Катта Лангар Қуръонининг борлиги диққатга сазовор.

Ислом санъати биенналесида мазкур муборак Қуръоннинг тўрт саҳифаси тақдим қилиниб, улардан иккитаси жамоатчилик эътиборига илк маротаба ҳавола этилади.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Лувр мутахассислари томонидан реставрация қилинган 13 та саҳифадан икки вароғи Лувр музейидаги кўргазмадаги намойиши ҳам давом этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаётган Катта Лангар Қуръони реставрация қилинди. Мусҳаф саҳифалари таъмири Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шафелигида Франциянинг Лувр музейи реставраторлари ва маҳаллий мутахассислар иштирокида уч босқичда, яъни 2019, 2020 ва 2021 йилларда амалга оширилди.

Жидда шаҳридаги Ислом санъати кўргазмаси – ушбу нодир маданият билан боғлиқ лойиҳаларни намойиш этиш имконини берувчи муҳим халқаро тадбирдир. Мамлакатимиз томонидан намойиш этилаётган экспонатлар жаҳон ҳамжамиятининг уларни ўрганишга бўлган қизиқишини оширишга қаратилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

361600cookie-checkКатта Лангар Қуръони саҳифалари Жидда шаҳрида намойиш этилади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: