islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Аллоҳ таолодан дунёю охиратда тинчлик ва омонда бўлишни сўранг!”

Тинчлик ва хотиржамлик тушунчалари мазмун ва моҳияти

Тинчлик – бебаҳо неъмат, улуғ саодатдир. Башарият ўз тараққиётининг барча босқичларида, аввало, тинчлик тотувликка интилиб келган. Юрт тинчлиги барқарор тараққиёт гаровидир. Халқимиз тинчликни юксак қадрлайди, уни ўз орзу интилишлари, мақсад муддаолари рўёбга чиқишининг кафолати деб билади. Шунинг учун доимо Яратгандан тинчлик ва омонлик тилайди. Лекин, афсуски, ҳаётда бу эзгу тилакларнинг ижобат бўлишига доимо қаршилик қиладиган кучлар ҳам бор. Улар ўзларининг ғаразли мақсадлари, нафс балоси йўлида башариятни ҳамиша низо, адоват, уруш ва қирғинлар домига тортиб келади.

Инсоният тарихига назар ташласак, кейинги беш минг йил мобайнида одамзот ўн беш мингдан зиёд катта – кичик урушларни бошдан кечирганини кўрамиз. Уруш ва тинчлик хавфсизликни таъминлаш масаласи ҳанузгача инсоният олдидаги энг оламшумул муаммо бўлиб қолаётганидан далолатдир.

Ҳолбуки, башарият фақат тинчлик ва осойишталик барқарор бўлган тақдирдагина ўз олий мақсадларига эришади, моддий ва маънавий юксакликка кўтарилади.

Соҳибқирон Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек Мовароуннаҳрга ҳукмронлик қилган қирқ йил мобайнида мамлакатда тинчлик, барқарорлик устувор бўлгани сабабли илм, фан, маданият юксак тараққий этган, бунёдкорлик ишлари ривожланган, кўҳна заминимиз гуллаб яшнаган.

Аксинча, уруш ва низолар инсонни одамийлик қиёфасидан айиради., жамиятни буткул таназзул ботқоғига ботиради. Йигирма йилдан буён ўзаро ҳарбий можаролар туфайли цивилизациядан батамом узилиб, дунёнинг энг қолоқ мамлакатларидан бирига айланиб қолган Афғонистон бунинг яққол далилидир.

Инсон мақсадлари йўлида доимо изланади. Бунинг учун энг зарури тинчлик ва осойишталикдир. Оиладаги хотиржамлик инсоннинг иш самарадорлигининг ошишига, оила мустаҳкамлигига асос бўлса, юртдаги тинчлик мамлакат тараққиётига, фаровонлигига замин яратади. Тинчликка бўлган юксак эҳтиёж боис “Ассалому алайкум”, дея бир-биримизга тинчлик-омонлик тилаймиз; дуоларида ҳам шу эзгу тилак: “Эй қодир Аллоҳ! Юртимизга тинчлик, хонадонимизга ҳотиржамлик ато эт!”. Ҳақиқатан ҳам инсон учун тинчлик-осойишталикдан яхшироқ неъмат йўқ. Аллоҳ асрасин, оиланг, юртинг нотинч бўлса, тўй-томоша, шодлик-ҳуррамлик, хуллас, ҳаётнинг ҳеч бир неъмати татимайди. Уруш-жанжал сабаб меҳр-оқибат, инсонийлик унутилади, эзгу мақсадлар амалга ошмай қолади.

Қуръони каримда бундай дейилади: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур”.

Ояти каримдан англашиладики, бизга бериладиган тинчлик, саломатлик ва фаровонлик неъматдир, унинг қадрига етиш, шукрини қилиш лозим бўлади. Биз мавжуд тинчликнинг қадрига етиш билан бирга, ношукрчилик қилишдан сақланишимиз керак. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Эй Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин, деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир» (Имом Байҳақий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда Анас ибн Моликдан розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Эй Анас! Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинчлик ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан”. Чунки тинч юртда хотиржамлик қарор топади, фарзандлар эмин-эркин камолга етади, жамият ҳар томонлама юксалади. Бундай шароит киши Аллоҳ таолонинг буйруқларини мукаммал ва хотиржам адо этишига имкон беради. Шу боис Жаноби Ҳақ таоло бандаларини келишмовчиликни бартараф этишга, тинчликни сақлашга чақиради: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз.

Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган машҳур ҳадисда бундай дейилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Икки неъмат бор, кўпчилик унинг қадрига етмайди. Булар саломатлик ва хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таолога чексиз шукроналар бўлсинким, диёримизнинг истиқлолга эришиши ва жамиятимизда рўй берган ижобий ўзгаришлар мамлакатимиз мусулмонлари ҳаётида ҳам улкан бурилишларга сабаб бўлди ҳамда ислом дини равнақи учун янги имкониятлар очилди. Республикамизнинг Асосий Қонуни – Конституциямизда юртимизда истиқомат қилаётган фуқароларнинг виждон эркинликлари кафолатлаб қўйилди. Халқимиз учун берилган шундай улуғ неъматлар ҳақида сўз юритиш ва уларни ёдга олиш айни лозим ишлардандир. Зотан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” — деб марҳамат қилган.

 

ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси 

ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов

362700cookie-check“Аллоҳ таолодан дунёю охиратда тинчлик ва омонда бўлишни сўранг!”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: