Ҳирақл қўшини мусулмонлардан бир неча баравар кўп бўлган Ярмук жангида мағлубиятга учраганидан ярадор бўлиб, қайғуга ботди.
Тор-мор этилган қўшиннинг омон қолганлари етиб келгач: “Ҳолларингга вой бўлсин, қани менга айтинглар-чи, улар ҳам сизларга ўхшаган одамлар эмасми?”, деб мурожаат қилди.
Аскарлар: “Ҳа”, дедилар!
У: Ёки улар сизлардан кўп эдими?
Улар: “Йўқ, аксинча биз кўп эдик…”
У: “Унда нега ютқаздинглар?”
Аскарлардан бири: “Мен айтаман сабабини, агар мени ўлимга ҳукм этмасангиз.!?, деди.
Ҳирақл: “Айтавер, сенга бирор зарар етмайди!”, деб ваъда берди.
Жангчи: “Улар ҳам биз каби одамлардир, лекин мусулмонлар кечалари намоз ўқийдилар, кундузи рўза тутадилар, аҳдга вафо қиладилар, яхшиликни буюрадилар ва ёмонликдан қайтарадилар, бир-бирлари билан адолатли муомала қиладилар”, деди. -“Бизга келсак, биз шароб ичамиз, зино қиламиз, гуноҳ қиламиз, аҳдни бузамиз, ғазабланамиз, ёмонлик қиламиз ва Худо буюрган нарсаларни ман қиламиз”.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтдилар:
“Биз уларни тақвомиз ва уларнинг гуноҳлари кўплиги сабаб енгамиз”.
Ярмук жанги — Византия (Рум) ва мусулмонлар ўртасида Шом фатҳи учун бўлган муҳим жанглардан бири. Жанг 636 йил августда бўлган.
Византия императори Ҳирақл Шомни қайтариб олиш учун 240 мингдан ошиқ қўшин тўплайди. Мусулмонлар уларга қарши 40 000 аскар билан чиқишади.
Икки томон Ярмук деган жойда бир-бирига қарама-қарши жойлашди. Ўн учинчи ҳижрий сананинг Сафар, Робиъул аввал ва Робиъус сони ойларини ўша ерда ўтказдилар.
Ярмук жанги Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қўмондонлигида бўлиб ўтади.
Манба: Ал-Бидоя ван-Ниҳоя, Ибн Касир
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев