islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Салоҳиддин Айюбий нега ҳаж қила олмаган?

Ҳижрий 588 йил 22 шаъбон, милодий 1192 йил 2 сентябр Салоҳиддин Айюбий салибчилар қўмондони Ричард билан «Рамла» сулҳини тузди. Бу сулҳ салибчилар режаларини амалга ошира олмаганларидан кейин тузилган эди. Икки тараф масиҳийларни Байтул мақдисни эмин-эркин зиёрат қилишларига имкон беришга иттифоқ қилдилар.

Ҳижрий 588 йилда Фаластиннинг Рамла шаҳрида “Шерюрак” Ричард билан вақтинчалик тинчлик шартномаси имзолангандан сўнг Султон Салоҳиддин Айюбий ҳажга бормоқчи бўлди. Аслида тинчлик шартномаси атиги уч йилу уч ойлик даврни ўз ичига олган вақтинчалик сулҳ эди. Шунинг учун Салоҳиддиннинг ёрдамчилари унга Ҳажни кейинги йилга қолдиришни маслаҳат беришди, чунки мусулмонлар учинчи салиб юришига қаршилик кўрсатиб, бор нарсаларини сарфлаши натижасида ҳажга тайёргарлик кўриш учун маблағ қолмаган эди.

Маълумот учун, биринчи салиб юриши 1096-1099 йиллар, иккинчи салиб юриши 1147-1149 йиллар, учинчи салиб юриши 1189-1192 йиллар, тўртинчи салиб юриши 1202-1204 йиллар, бешинчи салиб юриши 1218-1221, олтинчи салиб юриши 1228-1229, сўнгги салиб юриши 1240-1249 йилларда бўлиб ўтган.

Қуддуснинг қўлдан кетганлиги ҳақидаги хабар бутун Оврупони ҳаракатга келтирди. Қитъадаги барча қироллар насронийлик шарафи учун курашиш ниятида оёққа қалқдилар. 3-салиб юришида уларга қудратли қироллар учлиги бош бўлди. Англия қироли Ричард – Шер юрак, олмон императори Фредерик Барбаросса ва фаранг қироли Филипп II шу учликни ташкил қилди. Фредерик қуруқликдан, бошқалар эса денгиз орқали олға интилдилар ва 1191 йили порт шаҳар Аккрани қамал қилдилар ва Салоҳиддин қўшинлари мудофаа қилаётган Аккра таслим бўлди.

Насронийларнинг учта шарти бўлиб, мусулмонлар уларни қабул қилишга рози эдилар:

1) 200.000 пэсо тилла пул тўлаш;

2) насронийлар таълимотида айтилганидек, Исо чормих қилиб тортилган Муқаддас Хочни қайтариб бериш;

3) пулларни бир ой муддат ичида тўлаб бўлиш.

Салоҳиддин Айюбий одатда Макка ва Мадинадаги мусулмонларга қўлидан келганча бойликлардан юборар эди, лекин бу сафар Ричард унинг йўқлигидан фойдаланиб Қуддусга ҳужум қилишидан хавфсираб, ҳажга бора олмади.

Салоҳиддин ҳаж зиёратини кейинги йилга қолдиришга қарор қилди ва ҳижрий 588 йилда Зул-Қаъдада зиёратчилар Мадина томон юрдилар. Ва кейин ҳижрий 589 йил сафар ойи бошида ҳаждан қайтгач, ҳожиларни Салоҳиддин Айюбий қабул қилди.

Буюк саркарда Салоҳиддин кутилмаган касаллик сабаб, сафар ойи охирида, 56 ёшида вафот этади.

Салоҳиддин собиқ араб халифалигини тиклаш учун Бағдодга юришга тайёрланаётганда вафот этди. Қўмондон 1193 йил 4 мартда Дамашқда вафот этди.

Мусулмонлар Салоҳиддиннинг шахсий маблағи йўқлиги сабаб, унинг кафанлиги учун қарз олишга мажбур бўлдилар.

У зот қиличи билан қабрга дафн қилинди.

Буюк султон Салоҳиддин Айюбий уммат иши билан бўлиб имкон топа олмади ва имкон топиб боришни ният қилганда етарли маблағ бўлмаганлиги сабаб ҳаж ибодатини адо қила олмади.

 

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

 кафедраси катта ўқитувчиси

Пўлатхон Каттаев

372470cookie-checkСалоҳиддин Айюбий нега ҳаж қила олмаган?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: