islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Омонатдорлик   –   улуғ   фазилат

Сақлаш учун маълум муддатга берилган моддий ва маънавий нарсалар омонатдир. Омонатни сақлаш жамиятдаги инсонларнинг бир-бирига ишончини орттиради.

Инсонга берилган ҳаёт неъмати, муборак жисми-жони – Аллоҳнинг омонати. Зеро, Аллоҳ таоло яратган барча махлуқотлар ичида энг мукаррам ва азизи инсондир. Бу ҳақда У: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик…” (Исро, 70), деб хабар берди.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида шундай хабар берган:

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!”(Анфол-27).

Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу борада ўзларининг муборак ҳадисларида марҳамат қиладиларки:

“Мунофиқнинг аломати учта, гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, устидан чиқмайди, омонат қўйилса, хиёнат қилади”.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: “Омонатни сақлай олмайдиган кишининг имони, аҳдига вафосизнинг эса дини йўқдир”.

Омонатга хиёнат қилувчи – Яратганга исён қилувчидир.

Омонатни яхши сақлаб ўз эгасига саломат топшириш хусусида Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликларидан бошлаб барчага намуна бўлганлар. Ул зоти шариф ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли “ал-Амин” яъни, “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар. Ул зоти бобаракот ёшлик даврларидан бошлаб ишончли, вафо, омонат ва масъулиятни чуқур ҳис этадиган бўлиб камолотга етишдилар. Чунки омонатдорлик инсон ҳаётининг барча соҳаларида мавжуд.

Одамлар омонат деганда қимматбаҳо нарсани бошқа бировнинг ҳузурига сақлаб бериш учун қўйишнигина тушунадилар. Аслида, омонатнинг турлари кўпдир. Жумладан, уламоларимиз: «Аллоҳнинг бандага юклаган омонатлари бор: имон, намоз, рўза, закот, умр, ота-она, фарзанд ҳам омонатдир», дейдилар. Шунингдек, бандаларнинг бандалардаги турли ҳақлари ҳам омонат ҳисобланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: «Биров сенга бир калима айтиб, сўнгра атрофга қараб қўйса, билгинки, шу сўз омонатдир», деганлар.

Омонатга хиёнат қилишлик мунофиқликнинг уч аломатидан биридир. Мусулмон инсон барча омонатларга, жумладан, одамлар ила ўзаро муомаладаги, моддий масалалардаги омонатларга, катта-кичикка насиҳат қилиш омонатига, ёш авлодни тўғри тарбиялаш омонатига ва бошқа омонатларга риоя этади, хиёнат қилмайди. Аллоҳ кўрсатмасин, агар хиёнат содир бўлса, катта хатога йўл қўйилган бўлади. Хиёнатчи ҳатто шаҳид бўлган тақдирда ҳам, гуноҳи кечирилмасдир!

Имом Ибн Аби Ҳотим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:

«Шаҳидлик омонатдан бошқа ҳамма гуноҳларни ювиб юборади. Қиёмат куни, агар Аллоҳнинг йўлида қатл этилган бўлса ҳам, одамни келтириб, омонатни адо қил», дейилади. У эса: «Қандай қилиб уни адо этаман, ахир дунё тугади-ку!» дейди. Шунда унга омонат жаҳаннамнинг қаъридан кўринади. У тушиб елкасига кўтариб чиқади. Энди чиқай деганда, елкасидан омонат тушиб кетади. У ҳам омонатнинг изидан тушади. Шу ҳолат абадий равишда давом этади», деганлар.

Аллоҳ таоло томонидан бандасига берилган ҳар бир аъзо Парвардигорнинг омонати ҳисобланади. Масалан, кўз омонати шундан иборатки, банда Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлган ишларга қараш лозим. Қулоқ омонати эса Аллоҳ таолонинг каломини ва Расулуллоҳнинг ҳадисларини, авлиёлар насиҳатини эшитишдан иборат. Тил омонати у орқали Аллоҳ таоло зикрини айтишдан иборат. Қўл омонати эса у билан элга наф келтирадиган ишларни қилишдан иборат. Мабодо киши кўзини ҳаром нарсаларни кўришга очса, қулоғини номаъқул сўзларга солса, тилини ёлғону бўҳтонга  югуртирса ва қўлини мусулмонларга озор берувчи ишларга узатса, Аллоҳ таолонинг омонатига хиёнат қилган ҳисобланади.

Ҳар бир инсон ўзининг мол-мулкини асраганидек ўзгаларга тегишли нарсаларни ҳам худди шундай асраб-авайлаши керак.

Агар бир киши сизга ўз сирини омонат деб айтса ва сиз уни ҳеч кимга айтмасдан сир сақласангиз, сиз сир сақловчи омонатли одам бўласиз. Агар сиз ўша сирни одамлар орасида фош қилиб юборсангиз, сир сақлай олмайдиган, сизга сир айтган одамга хиёнат қилган бўласиз.

Бугунги кунда одамларни алдаш, омонатга хиёнат қилиш, ваъдага вафо қилмаслик оддий холатга айланиб бораётгани биз учун жуда катта мусибатдир. Бас шундай экан, Қуръони Каримдаги оятлар, муборак хадиси шарифлардан ибрат олган холда омонатга хиёнат қилмасдан, хайирли ва савобли амалларни қилиб ер юзини обод қилишни  Аллох таоло  барчамизга  насиб этсин.

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,

Янгийул  тумани “Имом Султон” жоме

масжиди имом хатиби Одилжон  Нарзуллаев

 

374060cookie-checkОмонатдорлик   –   улуғ   фазилат

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: