islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Маъҳад талабалари билан фахрланади

Жорий йилнинг 18 май куни Тошкент ислом институти мажлислар залида “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018”нинг совриндор қория қизларини тадбирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Тошкент шаҳар бош отинойиси, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хотин-қизлар билан ишлаш бўлими мутахассислари ҳамда қория қизларимизнинг волидаи муҳтарамалари қатнашдилар.

Тадбирни Тошкент шаҳар бош отинойиси Дилбар Икромова дуои хайр билан очиб бердилар.

Сўнгра Тошкент ислом институти раҳбарияти фахрли талабаларимизни табриклаб, қория қизларимизнинг эришган ютуқларини муносиб эътироф этдилар.

Институтимизнинг барча қизларини ҳам шундай ютуқларга эришишини тилаган ҳолда уларга эсдалик совғалар тақдим қилдилар.

Жумладан, “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018”нинг Республика босқичи “Олий ўрин” соҳибаси Нажмиддинова Робияга Тошкент ислом институти ректорининг мақтов ёрлиғи ва 2018-2019 ўқув йили тўлов-шартнома маблағи сертификати, шунингдек, 1-ўрин соҳибаси Саидалиева Муфаззалага Тошкент ислом институти ректорининг мақтов ёрлиғи ва 1-семестрнинг тўлов-шартнома сертификати тақдим этилди.

Шундан кейин Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хотин-қизлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Марям Абдуллаева ва Мунира Абубакирова сўзга чиқиб, аввал меҳмонлар ва талаба қизларни кириб келган муборак ой Рамазон билан қутладилар.

Сўнг қория қизларимизга Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг совға-саломларини топширдилар.

Тадбирда Саидалиева Муфаззаланинг қайнонаи муҳтарамалари сўзга чиқиб, мусобақада ғолиб чиққан талабалар нафақат ўзларининг балки бутун маъҳад талабаларининг ютуқлари эканини эътироф этиб, Аллоҳ таолодан талаба қизларнинг илмларини бунданда зиёда қилиб, шундай ғалабаларга етиштиришини сўраб қолдилар.

Тадбир сўнгида шаҳар отинойиси Дилбархон ая талаба қизларга диний билимлар билан бир қаторда дунёвий билимларни пухта эгаллашларини тилаб дуои фотиҳа қилдилар.

ТИИ талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи,

З.Суярова

37490cookie-checkМаъҳад талабалари билан фахрланади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: