Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-27-сонли Фармонига 1-илова билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги концепцияси”да кўрсатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан Республикада 2023 йил 1 мартга қадар “Cyber 10 Day” – “Киберхавфсизлик 10 кунлиги” ўтказилди.
Тадбирлар доирасида Тошкент шаҳар Олмазор туманида кибержиноятларни олдини олиш, аҳолининг барча қатламини огоҳлантириш бўйича “Cyber 10 Day” комплекс тарғибот-ташвиқот учрашувлари ўтказилди. Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун кибержиноятлардан огоҳ бўлиш юзасидан тадбир ташкил этилди.
Бугунги кунда ёлғон, фирибгарлик, қўрқитиш, руҳий босимга асосланган жиноятчилик ва ҳуқуқбузурликлар интернет оламида кўпайиб бормоқда.
Кўп ҳолларда шахсий маълумотларни, жумладан пластик карта рақамларини бегона шахсларга телефон ёки месенжерлар орқали айтиш натижасида интернет фирибгарларининг тузоғига тушувчилар сони ортмоқда.
ИИВ Киберхавфсизлик маркази томонидан аҳолини онлайн жиноятлардан огоҳ этиш мақсадида https://t.me/cyber_102 телеграм канали очилган бўлиб, #Cyber_10_Day, #Мен_банк_картам_СМС_кодини_ҳеч_кимга_бермайман, #стоп_фейк_кибержиноятлар каби ҳештеглар орқали фирибгарларнинг найранглари тўғрисида маълумотлар бериб борилмоқда.
Фейк хабарларга мисоллар талайгина. “Facebook” ижтимоий тармоғи орқали турли канал ва гуруҳларда тарқатилаётган “Пул ишлаб топишни бошланг. Газ бўйича лойиҳалар энди очиқ тизимда!”, “Facebook” ижтимоий тармоғи орқали турли канал ва гуруҳларда “DAVR BANK” ХАТБ номидан фойдаланиб тарқатилаётган “100% кредитни тасдиқлаш 7 дақиқа ичида кредит карта 50.000.0000 сўмгача остидаги пул 0%”, “Facebook” ижтимоий тармоғи орқали турли канал ва гуруҳларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти кўринишидан фойдаланиб фойдаланиб тарқатилаётган “Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони барча ота оналарга 650.000 сўм ёрдам. Фарзандингиз бўлса 650.000 сўм олинг”, “Facebook” ижтимоий тармоғи орқали турли канал ва гуруҳларда “СLICK” тўлов тизими номидан фойдаланиб тарқатилаётган “Ҳар ой 10.000.000 сўмгача фойда олинг. Фақат Ўзбекистон фуқаролари учун” мазмунидаги хабарлар келса, АСЛО уларга ИШОНМАНГ. Ушбу хабарлар ЁЛҒОН, дея огоҳлантиради Киберхавфсизлик маркази канали.
Исломда алдов, фирибгарлик, бировни чув тушуриш, савдода алдамчилик каби иллатлар қораланган.
“Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).
Эҳтиёт бўлинг, фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолманг!
ТИИ Матбуот хизмати