Рўзада риё бўлмайди, деган гап илм аҳли орасида машҳур. Бу фикр асосан Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ўз “саҳиҳ”ларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирганлари қуйидаги ҳадиси шарифнинг шарҳи борасида уламолар томонидан айтилган фикрлардан келиб чиққан.
Мазкур қудсий ҳадисда “Одам боласининг барча амали ўзи учундир, магар рўза бундан мустасно. У мен учундир, унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман”, дейилади. Уламолар нима учун рўзага нисбатан бундай имтиёз берилди, деган саволга жавобан айтган сўзларида рўзада риё воқеъ бўлмаслигини сабаб қилиб келтирадилар.
Бу фикрни Зуҳрийдан мурсал тарзда ривоят қилинган “рўзада риё йўқ” деган мазмундаги ҳадис ҳам қувватлайди. Мазкур ривоятнинг санади борасида гарчи турли сўзлар айтилган бўлса-да, аммо маънан юқорида келтирилган саҳиҳ ҳадиснинг мазмунига тўғри келади ва уни шарҳлайди. Зеро, кўп амаллар бажарилаётган вақтда одамлар учун ошкор бўлиб туради. Кишининг рўзадорлиги эса ташқаридан қараганда билинмайди. Шу жиҳатдан рўза намоз, ҳаж каби бошқа амаллардан фарқли ўлароқ риё хавфидан бир мунча узоқ бўлган амал ҳисобланади.
Аммо, “рўзада риё бўлмайди” деган сўзни мутлақ тарзда тушуниш ниҳоятда хато фикрдир. Зеро, рўзада риё содир бўлмаслиги фақатгина унинг амалга ошиш шакли ва жараёнига тегишли холос. Аслида эса, бу ибодатга ҳам риё хавф солиши мумкин. Маълумки, ибодатлар муайян ҳатти-ҳаракатлар билан амалга оширилади. Уни атрофдагилар кўришади. Намоз ўқиётган киши атрофида одамлар бўлса, ўз намозини ниҳоятда гўзаллаштириб, ёлғиз ўқигандаги ҳолатидан ўзгача ўқиши мумкин. Бунда гарчи амалнинг асли холис ният билан бошланган бўлса ҳам, бироқ унинг васфида риё пайдо бўлиш эҳтимоли мавжуд.
Рўза эса турли ҳатти-ҳаракатлардан холи бўлган ибодат бўлиб, унда ният асосий ўринни эгаллайди. Шу маънода рўза ибодатининг амалга ошиш ҳолатига риё хавфи кўланка солиши қийин. Бироқ, инсон ўзининг рўзадорлигини ўзгаларга билдириши орқали риё амалга кириб келади. Мисол учун киши нафл рўза тутмоқда. То шу ҳақда бировга айтмагунча, бу амалга риё дахл қилолмайди. Хабар бериши билан бундай рўза риё ва сумъага нишон бўлиши мумкин. Шу боис, “рўзада риё бўлмайди” деган сўзни мутлақ маънода тушуниш тўғри эмас. Хабар бериш ва эшиттириш билан ҳар қандай амалга риё сизиб кириши мумкин. Валлоҳу аълам!
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Алишер Султонхўжаев