islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

 “Аллоҳ қаерда”, деб сўраш тўғрими!?

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Март – Эътиқод мусаффолиги ойлиги” муносабати билан институт устоз ва талабалари учун Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий иштирокида “Аллоҳ қаерда”, деб сўраш тўғрими!?”  мавзусида илмий суҳбат бўлиб ўтди.

Доктор Даманҳурий даставвал ислом ақидаси ва уни алоҳида илм сифатида шаклланиши ҳамда бу жараёнда муҳим ўрин тутган ақида имомлари ҳақида иштирокчиларга маълумот берди. У киши аҳли сунна имомлари ҳақида гапирар экан, улар умматга Aллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати бўлганини айтиб ўтди. Ҳатто, айрим ақида уламолари ҳақида пайғамбаримизнинг ҳадисларида ҳам башоратлар келганлигини алоҳида такидлади.

Доктор маърузанинг асосий қисмида муташобиҳ оят ва ҳадисларни салаф уламолар қандай тушунганлиги батафсил ёритиб берди. Шунингдек аҳли сунна имомларининг муташобиҳ оят ва ҳадислар борасида тутган йўли, бу борадаги уларнинг далилларини тушунтириб ўтди. Адашган фирқаларнинг мазкур мавзудаги гумонларини нотўғри эканлигини, бундай ботил эътиқоднинг зарарли оқибатлари ҳақида ҳам иштирокчиларга тўлақонли ва асосли маълумотларни тақдим этди.

Шунингдек шайх Даманҳурий ўз маърузасида “Жория ҳадиси”га алоҳида тўхталиб ўтди. Мазкур ҳадис бир неча санадлар орқали келганини, ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жориядан “Aллоҳ қаерда” деб сўраганлари аниқ собит эмаслигини, балки Имом Aҳмаднинг ривоятида: “Роббинг ким”, – деб сўраганлари, бошқа бир ривоятда эса: “Aллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига гувоҳлик берасанми?”, – деб айтилганини таъкидлади. Шунинг учун ҳам уламолар бу ҳадисни “музтариб” ҳадис деб айтишларини “музтариб” ҳадис эса нафақат ақидавий балки фиқҳий ҳукмларга ҳам асос бўла олмаслигини тушунтириб берди.

Таъкидлаш керакки, Аҳмад Саъд Даманҳурий иштирокида бўлиб ўтган бу тадбир барча иштирокчилар учун жуда фойдали бўлди. Хусусан, маъруза ҳозирги кундаги ихтилофлар манбаига айланган айрим масалаларга ҳам ойдинлик киритгани барча учун манзур бўлди.

ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси

ўқитувчиси Абдубанноев Абдураҳмон

 

 

 

380840cookie-check “Аллоҳ қаерда”, деб сўраш тўғрими!?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: