islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳалол ва омонатдор ходим

Тошкент ислом институтида самарали меҳнат қилиб келаётган ўқитувчи ва ходимларни моддий-маънавий қўллаб қувватлаш, узоқ йиллик меҳнатларини муносиб қадрлаш анъанаси мавжуд.

Олий маъҳадда таълим жараёнларини ташкил қилиш иқтисодий-молиявий масалаларга ҳам боғлиқ бўлиб, ўқитувчи ва талабаларнинг ойлик маоши ва стипендияларини бериш, зарур техник воситалар сотиб олиш каби барча ишлар ҳисоб-китоби бухгалтериянинг вазифаси ҳисобланади. Исмат Раҳимов ТИИ Бош ҳисобчиси сифатида бир неча йиллардан бери ҳалол меҳнат қилиб келмоқдалар.

Исмат Раҳимовнинг институтдаги сермаҳсул фаолиятини қадрлаш ва табаррук ёшдаги меҳнатини эътироф этиш мақсадида Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимлари иштирокида тадбир ўтказилди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган ректор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, И.Раҳимовнинг ташкилий ишлардаги ёшларга хос шижоати, қатъий меҳнат интизомига эга намунали ходим сифатида қадрланишини таъкидлади. 60 ёшни қаршилаётган домлага касбий ва оилавий ютуқ ҳамда барака тилаб, Тошкент ислом институти жамоаси номидан табрикнома ва эсдалик совға топширилди.

“Аслида ҳар қандай табрик замирида инсоннинг фазилати, меҳнати, ўз касби-ю, атрофдагиларга бўлган меҳри, малака­маҳоратига чуқур эҳтиром ётади.

Одамлар учун зарурлигингни англаб яшаш, амалга оширган эзгу ишларинг беиз кетмаслигига ишонч ҳосил қилиш, ҳар қандай инсоннинг эл­юрт, жамият олдидаги бурчини бажаришида ўз самарасини бериши муқаррар.

Шундай шодиёна дамларда инсон умрининг тарихга айланган зарварақларига назар ташлар экан, унинг ҳаёт йўли ва мазмуни ёрқин намоён бўлади. Бу борада Сиз азиз инсоннинг босиб ўтган йўлингиз ҳар биримиз учун ибратдир.

Зеро, одамлар орасида ҳақиқий одам шу бўладики, ундан бошқа одамлар манфаат кўрадилар. Одамийлик туфайли одам шуҳрат топади, танилади ва билинади.

Биз Сизда ана шундай одамийлик, олижаноблик, сахийлик, ўз ишига масъулиятли, тўғрисўзлик фазилатларини кўрамиз ва Сизни намунали оила бошлиғи, азиз фарзандларингизнинг меҳрибон отаси, шириндан-шакар набираларнинг бобоси деб биламиз.

Қилган эзгу ишларингиз-у, меҳнатларингиз роҳатини узоқ йиллар давомида кўриш Сиз азиз инсонга насиб этсин!”, дейилади табрик матнида.

Табрик сўзларидан сўнг, тадбир якунида И.Раҳимов ҳамда Олий маъҳадда фаолият юритаётган фидойи устозлар ва ходимлар ҳақига дуои хайрлар қилинди.

ТИИ Матбуот хизмати

382230cookie-checkҲалол ва омонатдор ходим

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: