Шаръий истилоҳда Рамазон ойида тонг отганидан то қуёш ботгунча ният билан овқат емаслик, ичимлик ичмаслик, жинсий яқинлик қилмаслик «рўза» дейилади.
Рўза тутиш Ислом динининг беш рукнидан биридир, Қуръон ва Суннат билан собит бўлган.
Рўза ақли расо, соғлиғи яхши бўлган ҳар бир мусулмон эркакка ҳамда ҳайз ва нифосдан пок бўлган мусулмон аёлга фарз қилинган.
Ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўза тутишмайди, кейин қолдирган кунларининг қазосини тутиб беришади.
Янги ойни кўриб, рўзага ният қилиш Рамазон рўзасининг асосий шартларидандир.
Рамазон ойида ношаръий амаллар қилмаслик, тилни ғийбат, ёлғон сўзлардан тийиш, ўзгага озор бермаслик, яхши хулқли ва раҳм-шафқатли бўлиш рўзанинг одобларидандир.
Рўзадор кишига яна ушбулар суннатдир:
нафсни ёмон ниятлардан тўхтатиш;
фойдасиз ҳамда уятсиз сўзларни гапиришдан ва эшитишдан ўзини сақлаш;
биров билан уришишдан, ҳар қандай гуноҳ ишлардан ўзни тортиш;
мумкин қадар истиғфор, зикр ва тасбеҳ билан банд бўлиш;
Қуръон ўқиш;
қуёш ботган вақтда шом намозини ўқишдан олдин бир қултум сув билан бўлса ҳам оғиз очиш;
Рамазон ойида ҳар куни хуфтон намозидан сўнг йигирма ракат таровеҳ намози ўқиш;
таровеҳ намозида Қуръони Каримни ўқиб ёки эшитиб хатм қилиш;
Рамазонда хуфтонни жамоат билан ўқиган кишининг витр намозини ҳам жамоат билан ўқиши.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев