islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Икки Жаҳонгир қори

Олий маъҳадда* икки устоз қори акалар бор, улар исмдош, адаш бўлишлари билан бирга, кўплаб сифатлари ва фазилатлари билан ҳам бир-бирларига ўхшайдилар. Мусол учун битта суҳбатни келтираман:
– Маъҳаддаги Жаҳонгир қори аканинг телефон рақамларини биласизми?
– Маъҳадда иккита Жаҳонгир қори ака борлар, қайсиларини сўраяпсиз?
– Устоз Жаҳонгир қори акани.
– Иккалалари ҳам устозлар, олий маъҳадда дарс беришади.
– Тажвиддан дарс берадиган қори акани айтяпман.
– Иккалалари ҳам тажвид ва қироатдан дарс берадилар.
– Жаҳонгир қори ака борлару, ижозали.
– Иккалалари ҳам ижозали устоз қорилар.
– Йўқ, китоблари ҳам чиққан-ку тажвид бўйича, ўшаниси.
– Иккалалари ҳам тажвид бўйича бир нечта манфаатли китоб ва дарсликлар ёзишган.
– Жаҳонгир устозни айтяпман, мудир Жаҳонгир қори акани.
– Ҳа, иккалалари ҳам мудир бўладилар-да…
(Жаҳонгир қори Неъматов – олий маъҳаднинг “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
Жаҳонгир қори Рўзиев – олий маъҳаднинг “Қуръон ва тажвид ўргатиш” бўлими бошлиғи).
– Уфф, Жаҳонгир устоз-чи, кўзойнак тақиб юрадилару, ўша қорака.
– Иккалалари ҳам кўзойнак тақиб юрадилар ))

Бу суҳбат бир биродар билан ўртамизда бўлиб ўтган. Тушунтира олмай роса хуноб бўлгандилар ўшанда )).

Хуллас, олий маъҳадда мен ҳавас қиладиган ва ҳурмат қиладиган кўплаб устозларим ичида исмда ва сифатларда бир бўлган* мана шу икки устоз Жаҳонгир қори акалар бор. Улардаги юксак илм, Қуръон ила безалган гўзал хулқлари, дин хизмати йўлидаги ғайрату шижоатлари биз каби юзлаб, минглаб шогирдларга чиройли намуна ва ўз навбатида дарс бўлиб келмоқда.

Аллоҳим бизга ва барча солиҳ мўмин-мусулмонларга камида икки устоз Жаҳонгир қорилардек илмли, одобли ва тақвоси буюк зурриётлар ато қилсин. Омийн!

——————
* Юртимизнинг энг пешқадам, энг сара уламоларини, қориларини ўзида жам қилган саодатли маскан – имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти.

* “Исмда ва сифатларда бир бўлган” жумласи тажвид илмида кетма-кет келган иккита бир хил ҳарфга нисбатан ишлатилади.

Йўлдошбек қори Иброҳим

383531cookie-checkИкки Жаҳонгир қори

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: