Тошкент ислом институтида Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Умиджон Ходжаев, Матбуот котиби Тўлқин Азимов, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходими Шукур Бадиев ва гуруҳ сардорлари ўртасида учрашув ўтказилди.
Олий маъҳадда 1–4 курс талабаларидан иборат 18та гуруҳ мавжуд бўлиб, уларнинг орасида мутахассислик йўналишлари билан бир қаторда, ахборот технологиялари, медиа, нотиқлик, муҳаррирлик ва спорт каби турли соҳаларда салмоқли натижаларга эришган иқтидорли толиби илмлар таҳсил олмоқда.
Буни республика ва диний таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган танлов ва мусобақалардаги юқори натижалар ҳам кўрсатиб турибди. Олий маъҳад талабалари таълим олаётган ислом илмлари билан бирга замонавий илм-фандан ҳам хабардордирлар. Соф эътиқод, кенг дунёқараш, мустақил фикрга эга талабаларнинг илмий ва ақлий савияси жуда юқори бўлади. Мана шундай кадрлар жамият тараққиётининг асосидир.
Йиғилишни олиб борган проректор У. Ходжаев, талабалар орасидан энг иқтидорлиларини саралаш, барча толиби илмларни оммавий ахборот воситалари ҳамда медиа оламидаги чиқишларини жонлантириш мақсадида “Рамазон-2023”, “Маъҳад лидерлари”, “Жаҳолатга қарши маърифат” ва “Конституция бизники” каби рукнлар ташкил этишни тавсия қилди. Ҳам таълимда, ҳам истеъдодда, ҳам жамоатчилик ишида энг фаол талабалар “Маъҳад лидерлари” сифатида эътироф этиладилар.
Тузиб чиқилган режа асосида талабаларнинг чиқишлари Матбуот хизмати орқали тизимли равишда ташкил этилади.
ТИИ Матбуот хизмати