Саҳарлик дастурхонида қуйидагича гап бўлди: қишлоқдаги қариндошимиз қари отасини шошилинч шаҳар шифохонасига олиб келибди. Аҳволи оғир, юрагини зудлик билан операция қилиш керак экан. Амалиётни шу бугун-эртага таъйин қилишибди.
Юракдан узилиб кетган икки томирни кўкрак қафасини кесиб, суякларини арралаб, бошқа томир қўйилиши режа қилинаётган экан. Томир эса беморнинг оёқ сонларидан олиниб, юракка уланади. Шу икки томирнинг нархи бор-йўғи 10 минг доллар бўлиб, 10 соат мобайнида операция қилинади, натижаси эса 100 фоиз кафолатланмаган! Ўша машҳур гап – “Буёғи Худодан ука!”
Қизиқ! Юрагимиздаги икки томирнинг нархи шунча бўлса, қолган аъзоларимиз, улардаги минглаб томирлару, саноқсиз ҳужайраларимизнинг нархи, умуман олганда тиббиёт нархлаган нархимиз қанча экан-а! Томирларнинг нархига қараганда, анча қиммат турар эканмиз! Донорликка иши тушганлар буни жуда яхши тушунади…
… Ҳаётимиздан баъзан кўнглимиз тўлиб, баъзан кўнглимиз тўлмай яшаймиз. Доим нимадир етишмаётгандай, ҳали қарасанг у йўқ, ҳали қарасанг буниси кам. Кеча болангга дори олсанг, бугун уйга рўзғор керак, деган хабар келади. Энди бутладинг деганда, машинанинг мойи тугайди. Камига ишхонада рахбар “хонасига чақиртиради”. Маиший тўловлар ҳам ҳар ойни охирига қатор-қатор йиғилиб туради. Хуллас, нолишига етарли “сабаблар” талайгина! Йўқларимизни ўйлаб юрагимиз сиқилиб қолади. Лекин..
Лекин бир кун шифохонга борсак, у ерда юзлаб шифоталаб, умидвор кўзлар, сўнгги нафасини олиб турган сўлғин юзлар, ота-онаси бағридан айрилган жонлантириш бўлимидаги болажонлар, неча-неча миллионга ҳам топилмаётган “аъзолар”, уларни сотиб олишга пули етмаётган ожизлар, камбағаллар… Яқинини йўқотган жигарпоралар, фарзанди сиҳҳати учун ўзини қурбон қилишга ҳозир ота-оналар, дори-дармонга зир-зир югураётган оталар, акалар, қариндошлар… Бир соат шу манзарани томоша қилиб тура оласизми?
Нималарни ўйлайсиз? Нималарни тафаккур қиласиз? Фақат ва фақат шу ҳолатимиз учун минг, миллион бора шукр қилишимиз аниқ!
Айни дам машинангиз мойини сўнгги пулингизга алмаштираётган бўлсангиз, шукрки, бу сўнгги нафасингиз эмас.
Болангизни ёзга кийими тайёр эмасми? Шукрки, болангиз жонлантириш бўлимида эмас.
Маиший тўловларнинг охири кўринмаяптими, қарздормисиз? Шукрки, аъзоларингиз ўзингизники, донор қидирмаяпсиз.
Аёлингиз рўзғор камини доим эслатаверадими? Шукрки, аёли саратондан сўлиб, уйи хувиллаган эркаклар қанча?
Рахбарингиздан дакки эшитиб, кайфиятингиз барбод бўлдими? Шукрки, оёқ-қўлларим юриб кетса, армоним бўлмасди деганлардан эмассиз!
Қозонингиз шираси кетдими? Шукрки, тузалиб кетсам, бир қултум сувни ютуна олардим, деганлардан эмассиз!
Квартирада яшайсизми, шахсий уйингиз йўқми?! Шукрки, ҳар куни тонгда соғ-саломат кўзингизни очиб, тоза ҳаводан баҳрамандсиз. Қасрлари шифтига кўз тикиб ётган беморлардан эмассиз!
Фарзандингиз йўқми? Шукрки, нобакор фарзанди қўлида вафот этган ота-оналардан эмассиз!
Турмуш ўртоғингиз билан жиққилашдингизми? Шукрки, тенгим чиқса, мен ҳам оила қурардим, рўзғоримга эга бўлардим деган тул аёллардан эмассиз!
Шукрки, тафаккур қилган саримиз, неъматлар устида эканимиз, нақадар бахтли эканимизни англаймиз.
Зеро, Аллоҳ берган неъматлар текин, миннатсиз! Агар Роббимиз уларни биздан олиб қўйса, қайта топилмайдиган неъматлари бор. Топилса ҳам пулга, қимматга топилади, худди 10 минг долларлик юрак томири каби…
Аллоҳ текинга берган неъматлари пуллик бўлмасидан қадрига етайлик!
Йўқ нарсаларимизга сиқилмай, бор нарсаларимиз учун шукр қилайлик!
Тошкент ислом институти
“Ҳадис ва Ислом тарихи” кафедраси
ўқитувчиси Н.Саидакбарова