Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Март – Эътиқод мусаффолиги ойлиги” муносабати билан “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси А.Ғофуровнинг “Ақоид” фанидан 102-гуруҳ талабаларига “Аллоҳ таоло бандаларни куфр ва иймондан саломат ҳолда яратган” мавзусида очиқ дарси бўлиб ўтди.
Мазкур очиқ дарсга “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири Ф.Жўраев, ўқитувчилар Н.Абдубаннаев, С.Аҳмедов, Я.Раззоқов, М.Жўраев, И.Ғофуров, З.Бегматов, “Тиллар” кафедраси мудири У.Ҳасанов, кафедра ўқитувчилари И.Йўлдашев, Ф.Эрназаров, Ижтимоий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси Т.Азимов ва бошқа устозлар қатнашиб, очиқ дарсни таҳлил қилдилар. А.Ғофуров очиқ дарсда янги мавзуни “Ал-Бадрул анвор” асари ва бошқа мўътабар манбалар асосида ёритиб берди. Ўқитувчи очиқ дарсда педагогик усуллар ва кўргазмали қуроллардан унумли фойдаланиб, дарсни самарали ташкил этди. Ўқитувчи мавзуга доир ҳадис ва оятлардан иқтибос келтирди. Жумладан қуйидагиларни айтиб ўтди:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.
Сўнгра Абу Ҳурайра «Агар хоҳласангиз, «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас», деган оятни ўқинг», дер эди» (Тўртовлари ривоят қилганлар).
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.
Ушбу ҳадисда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота-она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда. «Фитрат» дегани соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган истеъдод, деганидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш истеъдоди билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.
Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди.
Бу борада ота-онанинг ўзига хос бурч ва вазифалари мавжуд. Фарзанд ота-онага Аллоҳ томонидан берилган энг улуғ неъматлардан биридир. Бундай улуғ неъматни қадрига етиш эса уни ато этган Зотнинг яратган соф фитрати ила Аллоҳга эътиқод қилувчи ва У Зотга ибодат этувчи қилиб тарбиялашдир. Бу ота-онанинг бўйнидаги вазифасидир. Ўзини мусулмон деб ҳисоблаган ҳар бир ота-оналар ушбу масъулиятни тўлиқ ҳис қилишлари ва ҳадисда назарда тутилган соф табиат ва тарбияга қаттиқ эътибор қаратишларим лозим.
Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси
кабинет мудири Бобур Азизов
Yurtimizda shunday ustozlar ko’payishini hohlardim.Shu ustozimizni ham Allohim o’z panohida asrasin.Ilmlarini ziyoda qilsin.