Тошкент ислом институтида кундузги таълим тизими битирувчилари учун олд ҳимоя ўтказилмоқда. Олд ҳимоя битирув диплом иши мавзулари тегишли бўлган кафедралар кесимида бўлиб ўтади.
Тиллар кафедрасида асосий ҳимояга битирувчиларни тайёрлаш мақсадида 4-курс талабаларининг битирув диплом ишлари кўриб чиқилди.
Кафедра профессор-ўқитувчилари, илмий раҳбарлар шу вақтгача бажарилган битирув диплом ишидаги камчиликларни кўрсатиб, мавзуни очиб беришга ёрдам берадиган зарур тавсиялар бердилар. Битирувчилар диплом ишини ёзиш ва ҳимоя қилиш бўйича услубий кўрсатма ва талаблар тўғрисида қўшимча маълумотга эга бўлдилар.
Кафедра мудири Улуғбек Ҳасанов ва ўқитувчилар томонидан БДИ мавзусига оид чоп этилган илмий мақолалар сони, ишнинг неча фоизини ёзиб тугатилгани, ютуқ ва камчиликлари кўриб қайд этилди.
Тошкент ислом институтини жорий 2022-2023 ўқув йилида 77 нафар талаба битирмоқда. Битирувчилар бакалавр даражасини олишлари учун битирув диплом мавзуларини танлаб, йил давомида кичик илмий тадқиқот олиб бормоқдалар.
Ақоид ва фиҳқий фанлар, Ҳадис ва ислом тарихи фанлари, Тиллар, Таҳфизул Қуръон ва Ижтимоий фанлар кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан ўз йўналишларига оид тавсия этилган мавзулар бўйича талабалар битирув диплом ишларини бажармоқдалар.
Илмий ишлар ва фан бўйича проректор С.Примов ва Илмий тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи М.Эркаев томонидан 4-курс талабаларининг Битирув диплом ишлари доимий равишда кузатилиб, таҳлил қилинмоқда.
Тиллар кафедраси талабаларнинг ўзбек ва хорижий тилларни мукаммал ўрганишларини таъминлаш мақсадида 2001 йилда ташкил этилди.
Кафедра Араб тили, Араб тили (муҳовара), Балоғат, Рус тили, Инглиз тили, Форс тили, Палеография, кодикология ва эпиграфика каби фанларни ўз таркибига олади.
Кафедранинг асосий мақсади ўзбек тилида иш юритишни мукаммал биладиган, хорижий тилларда илмий-ижтимоий мавзуларда суҳбатлаша оладиган, муқаддас манбалардаги ибора ва матнларни ўқиб таржима қилиш, шарҳлаш салоҳиятига эга мутахассисларни тайёрлашдан иборат.
ТИИ Матбуот хизмати