“Конституция ва қонун устуворлиги –
фаровон ҳаёт гарови деган тушунча
фуқароларимизнинг онги ва қалбида
чуқур ўрин эгаллаши ҳамда ижтимоий
эҳтиёжга айланиши лозим”.
Шавкат Мирзиёев
Конституция халқимизнинг асрий анъаналари билан ҳамоҳанг равишда яратилиб, фаровон турмуш, фуқароларимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодасидир. Мана неча йиллардан бери мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Қомусимизни “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида ҳақиқий халқчил ҳужжатга айлантириш ишлари изчил амалга оширилмоқда. Зеро, бу Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор мақсади ҳисобланади.
Конституцияда турли миллат вакиллари учун кафолатган ҳуқуқ ва эркинликлар асосида бугун мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда. Улар ҳам Ўзбекистон равнақи йўлида бирлашиб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилмоқда, ўлкамизда кучли фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Конституциямизда ҳам халқимизнинг азалий қадриятларидан бўлган ҳар бир ишни ўзаро маслаҳат ва кенгашиб бажариш ҳақида алоҳида норма келган бўлиб, унда “Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади. Референдум ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади” (9-модда) дея халқ муҳокамаси давлат ва жамият бошқарувида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланади. Бу қоидадан келиб чиқиб, мамлакатизмизда бир қатор муҳим масалалар халқнинг муҳокамаси тақдим этилган ҳамда умумий овозга – референдумга қўйилган. Аждодларимиздан бизгача етиб келган бу анъана келгусида ҳам давлат бошқарувининг асосий усулларидан бўлиб қолади.
Конституциямизда мустаҳкамланган давлат бошқарувининг бош мақсади ҳам жамиятда ҳамжиҳатлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат.
Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим.
Янгийўл туман “Имом Султон’’
жоме масжиди Имом хатиби
Одилжон Нарзуллаев