Имом Авзоъий Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга Масжидул ҳаромда йўлиқиб қолиб айтди: Ироқ аҳлига не бўлдики, қўлларини рукуъга боришда ва бошни рукуъдан кўтаришда кўтармайдилар. Ҳолбуки, менга Зуҳрий, Солим ибн Абдуллоҳдан ҳадис айтди, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъга боришда ва бошни рукуъдан кўтаришда қўлларини кўтарардилар?
Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу дедилар: Менга Ҳаммод, Иброҳимдан, У Алқамадан, У Абдуллоҳ ибн Масъуддан ҳадис айтди, Пайғамбар алайҳиссалом қўлларини такбири ифтитоҳда кўтарардилар-да, сўнг у ишга қайтмасдилар.
Имом Авзоъий, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга дедилар: Ажабо, унга Зуҳрийнинг Солимдан ривоят қилган ҳадисини таҳдис (ҳадис айтиш) қилсам, у менга Ҳаммоднинг Иброҳимдан, Алқамадан ривоят қилган ҳадисини таҳдис қилмоқда -деб ўз ҳадисини санади олийлиги билан устун қилди.
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Имом Авзоъий роҳимаҳуллоҳга дедилар: Ҳаммодга келсак, У Зуҳрийдан фақиҳроқ эди, Иброҳим ҳам Солимдан кўра фақиҳроқ эди, Ибн Умар разияллоҳу анҳу замони илгарилиги бўлмаганда Алқама ундан кўра фақиҳроқ деган бўлардим. Аммо Абдуллоҳ у энди Абдуллоҳ! – деди ва ўз ҳадисини ровийларининг фиқҳи билан устун қилди [таржиҳ]. Мана шу танланган мазҳабдир, яъни таржиҳ ровийларнинг фақиҳлиги биландир, исноднинг олийлиги учун эмас.
Абдуллоҳ энди Абдуллоҳ! – яъни Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу фиқҳ ва забтта (пухта ўзлаштириш) шу даражада маълум ва машҳур эдики, уни фиқҳда қандай эканлигини баён қилишга ҳожат йўқдир.
(Аттасдид шарҳи тамҳиди Абул маъийн, Сиғноқий. 81,82- бетлар)
Арабчадан ТИИ, модуль таълими тизими талабаси Муҳаммад Аюб Фахриддинов таржимаси