islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Камтар ва тажрибали устоз

Тошкент ислом институтида самарали меҳнат қилиб келаётган ўқитувчи ва ходимларни моддий-маънавий қўллаб қувватлаш анъанаси мавжуд.

Олий диний таълим муассасасида узоқ йиллар талабаларга араб тилидан таҳсил берган, таълим соҳасининг тажрибали мутахассиси Иззатилла домла Юлдашев ТИИ Тиллар кафедраси катта ўқитувчиси сифатида меҳнат қилмоқдалар.

Иззатилла домла Юлдашевнинг таълимдаги сермаҳсул фаолиятини қадрлаш ва табаррук ёшдаги меҳнатини эътироф этиш мақсадида Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимлари иштирокида тадбир ўтказилди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган ректор,  профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов И.Юлдашевнинг таълим ва ташкилий ишлардаги ёшларга хос шижоати, камтарлиги, қатъий меҳнат интизомига эга намунали ходим сифатида қадрланишини таъкидлади. 60 ёшни қаршилаётган домлага касбий ва оилавий ютуқ ҳамда барака тилаб, Тошкент ислом институти жамоаси номидан табрикнома ва эсдалик совға берилди.

И.Юлдашев 1992 йилда Тошкент ислом институтини битиргач, шу таълим муассасасида қарийб 15 йилдан буён талабаларга араб тили фанидан таҳсил бериб келмоқда.

2005-2007 йиллар орлиғида Ўзбекистон халқаро ислом академияси (олдинги Тошкент ислом университети)да магистратурани тамомлаган бўлса, ҳозирда мустақил тадқиқотчи сифатида илмий иш билан шуғулланмоқдалар.

И.Юлдашев таълим билан бир қаторда 2012-2019 йиллари Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Фирдавс” масжидида имом-ноиби сифатида халқ хизматида бўлдилар.

Иззатилла домланинг мадраса талабалари учун мўлжалланган “Араб тилидаги замирлар (олмошлар)” ўқув қўлланмаси нашрдан чиққан.

“Аслида ҳар қандай табрик замирида инсоннинг фазилати, меҳнати, ўз касби-ю, атрофдагиларга бўлган меҳри, малака­маҳоратига чуқур эҳтиром ётади.

Одамлар учун зарурлигингни англаб яшаш, амалга оширган эзгу ишларинг беиз кетмаслигига ишонч ҳосил қилиш, ҳар қандай инсоннинг эл­юрт, жамият олдидаги бурчини бажаришида ўз самарасини бериши муқаррар.

Шундай шодиёна дамларда инсон умрининг тарихга айланган зарварақларига назар ташлар экан, унинг ҳаёт йўли ва мазмуни ёрқин намоён бўлади. Бу борада Сиз азиз инсоннинг босиб ўтган йўлингиз ҳар биримиз учун ибратдир.

Зеро, одамлар орасида ҳақиқий одам шу бўладики, ундан бошқа одамлар манфаат кўрадилар. Одамийлик туфайли одам шуҳрат топади, танилади ва билинади.

Биз Сизда ана шундай одамийлик, олижаноблик, сахийлик, ўз ишига масъулиятли, тўғрисўзлик фазилатларини кўрамиз ва Сизни намунали оила бошлиғи, азиз фарзандларингизнинг меҳрибон отаси, шириндан-шакар набираларнинг бобоси деб биламиз.

Қилган эзгу ишларингиз-у, меҳнатларингиз роҳатини узоқ йиллар давомида кўриш Сиз азиз инсонга насиб этсин!”, дейилади табрик матнида.

Тадбир сўнгида, Иззатилла домла ва Олий маъҳадда фаолият юритаётган фидойи устозлар ҳақига дуои хайрлар қилинди.

ТИИ Матбуот хизмати

 

393380cookie-checkКамтар ва тажрибали устоз

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: