Жорий йилнинг 31-май куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Диний фанлар” кафедраси томонидан талабалар ўртасида “Май ойи – хатоба, нутқ маданияти ва воизлик санъати фан ойлиги” муносабати билан “ЭНГ НАМУНАЛИ ХАТИБ” мавзуида мусобақа бўлиб ўтди.
Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва Кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Ж.Нуриддинов, Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров, устоз мураббийлари ва талабалари иштирок этдилар.
Мусобақа анъанага кўра Қуръони карим тиловати билан бошлангандан кейин Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва Кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Ж.Нуриддинов тадбирни очиб бериб, иштирокчиларга омад ва муваффақият тиладилар.
Мусобақани олиб борувчи “Диний фанлар” кафедраси мудири С.Примов домла талабалар хатоба-воизлик сирларини пухта ўзлаштириши уларнинг келажакда халққа диний илмларни етказишларида нақадар муҳим эканини қуйидагича таъкидлаб ўтди: “Имом-хатиб бевосита халқ мураббийси бўлгани учун унинг доимий аудиторияси халқ бўлади. Воиз қавмига етказмоқчи бўлган мақсадини ифода этишда уни ўзини тутиши, воизликнинг одобларига риоя этиши ҳамда халқ тилида содда тарзда нутқ қилиши тингловчилар эътиборини жалб қила олишда асосий омил эканини таъкидлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Албатта, баён (сўзни тўғри ва гўзал ифода этиш)да сеҳр-жозиба бордир[1]”, деган ҳадиси шарифларини ҳаммага эслатиб ўтдилар.
Мусобақа қуйидаги шартлар асосида бўлиб ўтди:
- Хатоба фанига оид назарий савол;
- Жума ёки ийд намози хутбасини ёддан ўқиб бериш;
- Таровеҳ намозлари тасбеҳларни ёддан ўқиб бериш.
Мусобақада иштирок этган талабаларнинг юқоридаги шартлар бўйича чиқишларини қуйидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб бордилар:
- Сайдалиев Мўминжон домла – “Диний фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси;
- Рустамов Собиржон домла – “Диний фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси;
- Неъматов Жаҳонгир домла–“Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири;
- Жангиров Муҳаммаджон домла–“Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси.
Юқорида зикр қилинган шартлар бўйича:
3- босқич талабаси Халилов Шавкат 83 балл билан биринчи ўринни
2- босқич талабаси Мансуров Мусохон 79 балл билан иккинчи ўринни
1- босқич талабаси Ғаффоров Умарали 69 балл билан учинчи ўринни эгалладилар.
Мусобақа сўнгида институт ректори У.Ғафуров ташкил этилган мусобақа борасидаги ўзининг ижобий фикрларини билдириб, келгусида ташкил қилинажак мусобақалар бундан-да кўтаринки кайфиятда ўтишини тилаб қолди.
Ғолиб гуруҳлар институт раҳбарияти томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
_____
[1] Ҳадисни Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ривоят қилган.
“Диний фанлар” кафедраси
ўқитувчиси Б.Азамов