Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги 3 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари ўқув ва амалиёт боғлиқлигини таъминлаш мақсадида “2+1” форматда таълим олаётган эдилар. 2023 йилнинг 10 апрелидан бошлаб жорий этилган мазкур таълим шакли 3 ой муддат оралиғида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
2 ҳафталик аудитория дарс машғулотларидан сўнг “2+1” форматдаги амалиётнинг навбатдаги ҳафтаси 2023 йил 22-27 май оралиғида бўлиб ўтмоқда.
Тошкент ислом институти талабалари «Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича ҳудудий тарғибот гуруҳлари» таркибида ўзларига бириктирилган маҳаллаларга чиқиб, илмий-маърифий тадбир ва суҳбатлар ташкил қилмоқда. Жойлардаги имом-хатиблар, маҳалла раислари ҳамда фаоллар кўмагида талабалар аҳоли билан мулоқот қилиб, диний-маърифий йўналишдаги саволларига жавоб бермоқда.
Тарғиботчи талабаларнинг амалиётларини тўғри ва самарали ташкил этиш мақсадида институт ректори М.Муҳаммадсиддиқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ (штаб) тузилган. Амалиёт даврида талабаларнинг фаолияти, хавфсизлиги, иш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммо ва бошқа масалаларда уларга ишчи гуруҳ томонидан зарур кўмак кўрсатилмоқда.
ТИИ Матбуот хизмати