islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Гиёҳвандлик – келажак кушандаси

Инсон учун ҳаёт неъматини, турли ноз-неъматларни, ҳатто минишга уловлару денгиздаги кемаларгача муҳайё этиб қўйилган. Бундан ташқари, яхши ҳаёт кечириш, чиройли умргузаронлик қилиши, соғлом ва бақувват бўлиши учун фойдали, керакли ризқ-рўзни ҳам ато этиб қўйилган. Ҳозирги давримизга келиб, айрим кимсаларнинг ўз жонлари, моллари, жамиятдаги мавқеларига катта зарар келтирувчи иллатларга мубтало бўлишлари кўринмоқда. Буларнинг энг ёмони, энг хатарлиси – “аср вабоси” дея машъум ном олган гиёҳвандлик балосидир. Гиёҳвандлик шунинг учун хатарлики, у инсонни Аллоҳ буюрганидай ҳалол яшашдан маҳрум этади, унинг одамлар орасидаги обрўсини йўқотади, оиласини парокандалик ботқоғига отади, соғлигига жиддий путур етказади, ўзини эса жиноят йўлига бошлайди. Энг фожиалиси, у ўзига Аллоҳ берган ҳаёт неъматининг заволга учраши, эрта ўлим топиши каби кулфатларга учрайди.

Одам организмининг биологик хусусиятларидан бири шундан иборатки, у баъзи моддаларни кетма-кет, бир неча марта қабул қилиши натижасида уларнинг таъсирига ўрганиб қолади. Оқибатда, у мазкур моддани мунтазам равишда қабул қилиб туришга интилади, бу моддани қабул қилмаган пайтда ўзини ёмон ҳис этади, яъни одам бу моддага  нисбатан  мутеъ  бўлиб  қолади. Одам  организмининг ўрганиб,  мутеъ  бўлиб  қолиш  хусусияти,   айниқса  наркотик  моддаларга  нисбатан  кучли бўлади. Бунинг оқибатида одамда гиёҳвандлик  (наркомания) касаллиги   вужудга  келади.

Гиёҳвандлик—турли  хил  гиёҳ  моддалари    яъни,  наркотиклар   таъсирига   одам   организмининг  ўрганиб      қолиши натижасида   юзага   келадиган  оғир  касалликдир.  Гиёҳвандликнинг халқаро атамаси наркомания дейилиб, бу сўз юнонча «нарке» – карахтлик, ҳаракатсизлик, «мания»-ақлдан озиш маъносини англатади. Чунончи, наркотик моддани қабул қилган одам карахт бўлиб, ҳаракатсизланиб  фикрлаш,  ақлий фаолият қобилиятларини  йўқотади.

Гиёҳвандлик аср вабосидир. Бу ўта оғир хасталик дунёдаги барча мамлакатларда айниқса ёшлар орасида тез суръатлар билан кенг тарқалмоқда. Гиёҳвандлик жуда оғир хасталик ва ижтимоий иллат бўлиб, у қуйидаги ёмон оқибатларга олиб келади.

Биринчидан, гиёҳвандлик касалига дучор бўлган одамнинг энг аввало руҳияти бузилади. У оиласида, жамиятда содир бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлиб қолади, ҳаётий муҳим масалаларни идрок қилиш, масъулиятни ҳис этиш, фикрлаш қобилиятларини йўқотади. Гиёҳванд ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари, оиласи, болаларига нисбатан меҳр-оқибатсиз бўлиб қолади. Гиёҳванд ёшлар ўқишдан совийди, дарс машғулотларига қатнашмай қўяди, фанларни ўзлаштириши пасаяди, ўқишга бориш ўрнига бошқа гиёҳвандларга қўшилиб вақтини кўчада, хилват жойларда ўтказади.

Иккинчидан, гиёҳванд руҳиятининг бузилиши, унинг ижтимоий жиҳатдан бузилишига олиб келади. Гиёҳванднинг асосий мақсади, интилиши, ҳаётининг мазмуни наркотик топиш ва қабул қилишга қаратилади. Чунки унинг организми наркотикка ўрганиб, унга қарам, мутеъ бўлиб қолади. У ўзини наркотиксиз яшай олмайдигандек ҳис этади. Гиёҳванд наркотикни ҳар куни белгиланган вақтида мунтазам равишда қабул қилиши учун кўп пул керак бўлади. Пул топиш учун ёлғон гапиради, алдаб қарз сўрайди, товламачилик, фирибгарлик қилади. Уйидаги буюмларни сотади, сўнгра қавм-қариндошлари, қўшниларнинг пулини, буюмларини ўғирлайди, аста-секин ўз шериклари билан гуруҳ бўлиб катта ўғирлик қилиш йўлига ўтади, жиноятчига айланади.

Учинчидан, гиёҳванд бир неча йил давомида наркотик қабул қилиши туфайли сурункали заҳарланиб, нафақат руҳий, балки жисмоний жиҳатдан ҳам ногиронга айланади. Унинг юрак, ўпка, жигар, буйрак, ошқозон-ичак каби ҳаётий муҳим аъзоларида сурункали касалликлар вужудга келади. У озроқ ҳаракат қилганида нафаси қисади, юраги ўйнайди, лаблари кўкаради, жигар ва буйрак соҳаларида оғриқ пайдо бўлади. Шундай қилиб, юқорида айтилган руҳий ногиронликка жисмоний ногиронлик ҳам қўшилади, ва меҳнат қилиш  лаёқатини  бутунлай  йўқотади.  Ҳозирги  кунда  гиёҳвандларнинг аксарияти наркотикни инъексия (укол) орқали қабул қилади. Битта шприц ва игна билан бир неча гиёҳвандлар бир-бирларига инъексия қиладилар. Бунинг натижасида уларнинг биттасидаги юқумли касаллик бошқаларига ҳам юқади. Шу сабабдан гиёҳвандлар орасида ОИТС, юқумли гепатит (сариқ касаллиги) кейинги йилларда кўп тарқалмоқда. Бу ҳам гиёҳванднинг фожиасидир.

Статистик маълумотларга кўра, гиёҳванд наркотик қабул қилишни  бошлагандан кейин кўпи билан 20-25 йил умр кўради ва кўпчилик гиёҳвандлар 30-40 ёш атрофида ҳаётдан кўз юмади, унинг кейинги йиллардаги ҳаёти азоб-уқубатда, хор-зорликда, руҳий ва жисмоний ногиронликда ўтади.

Бугунги кунда бутун дунёда гиёҳвандлик иллати туфайли турли давосиз дардлар юзага келаяпти. ОИТС (СПИД), жигар церрози, сил, ўсма касалликлари, ошқозон-ичак хасталиги ва ҳомиланинг майиб-мажруҳ тиғилиши ҳам кўпроқ гиёҳвандларда кузатилади.

Гиёҳвандликнинг шафқатсиз фожеа  эканлигини  теран англамай, унга чалиниб қолаётганлар оз эмас.  Гиёҳвандликнинг бошланиши жуда оддий.  Унга қизиққанлар “оқ порошок” дан чекиб ёки ҳидлаб кўришга ошиққанлардир. Кунлар ўтиши билан эса бу камдек туюлади. Беихтиёр “доза” миқдори ҳам оша  боради.  Кейинги сафар аввалги миқдордан кам истеъмол қилиб  кўрсин-чи? Соғлиқни сақлаш вазирлигининг  маълумотларига кўра, республикамиздаги наркологик шифохоналарда ҳисобга олинган минглаб беморларга гиёҳванд ташхиси қўйилган. Ачинарлиси, уларнинг ўртача ёши 16 дан 40 ёшгача бўлган шахслардир

Фарзанд – оила қувончи, жамият таянчидир. Унинг соғлом, илмли ва иродали бўлиб улғайиши нафақат ота-она, балки давлатимиз сиёсатининг ҳам эзгу мақсадларидан биридир. Бугунги кунда гиёҳвандлик балоси чегара, ўлчов, миқёс билмайдиган бир ҳолатга келди. Унинг касофатидан Ер юзида кўплаб инсонлар ҳаёт билан эрта видолашмоқда, соғлиғидан ажрамоқда, оилалар бузилиб, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бормоқда. Хусусан ёшларга олдинига шунчаки кўнгилхушлик, оддий қизиқиш, болаларча эрмак билан бошланган “гиёҳдан бир тотиб қўйиш” кейинчалик унга батамом ўрганиш, усиз тура олмаслик, уни топиш учун ҳар қандай жиноятдан тап тортмаслик каби улкан жиноятларга олиб бормоқда

Ислом динида ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказиш қаттиқ қораланади. Гиёҳвандликка учраганлар эса ҳар икки ҳолатдаги зарарда ҳам айбдордирлар. Аллоҳ таоло инсонга бежизга ақл-идрок ва фаҳм-фаросатни ато этмаган. У ақл ёрдамида нима зарару нима фойда эканини аниқлаши, зарардан узоқда бўлиши талаб этилади. Гиёҳвандлик саломатликка, жамиятга, унинг иқтисодиётига, оилаларга ва хусусан ёшлар тарбиясига жиддий зарар келтирар экан. Маълумки, ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг тарқалиши  катта ёшдагилар ўртасида  тарқалишидан кўра хатарлироқдир. Аҳолининг бу қатлами гиёҳвандликка  қанча берилса, жамият келажаги шунча хавф-хатар остида бўлади. Тажрибалар шуни кўрсатадики, гиёҳвандликка  илк бор қадам қўйиш кўпроқ 11-17 ёшлар орасида кузатилади. Шу ёшда уларни жиловлаб олинса, келажакдаги катта фожеаларнинг олди олинган бўлади.

Аллома Ибн Ҳожар ал-Маккийнинг “Фатовои “исломийя” асарида инсон саломатлиги ва жамият ҳаётига гиёҳвандлик иллати етказадиган 120 хил жиддий зарар санаб ўтилган.        Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилганлар: “Маст ва ақлни карахт қилувчи ҳар бир нарсанинг ҳаром” экани ҳақида огоҳлантирганлар. Ибн Сирийн (раҳматуллоҳи алайҳ) “Ўзини ҳалокатга отиш Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидсизлик белгисидир”, деганлар. Имом Бухорий ривоят қилган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло бундай марҳамат этган: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.

Динимизнинг бу қабиҳ иллатга кескин муносабати гиёҳвандликнинг инсон жисм, руҳи, насли ва ахлоқига катта зарар етказиши туфайлидир. Гиёҳвандлик йўлига кириб қолганлар яхшини ёмондан, фойдани зарардан ажрата олмай қолади. Улар нафсларини бир мартагина қондириш учун ҳар қандай мудҳиш жиноятга қўл уришга тайёр туришади. Гиёҳвандликнинг зарари уларнинг ўзларигагина эмас, келажак авлодларига, зурриётларига ҳам катта зарар етказади, уларнинг фарзандлари кўпинча майиб-мажруҳ, ақли ноқис, руҳий хаста ва  абгор бўлиб туғилишади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки: гиёҳвандлик ҳар қандай жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлига ғов бўлиш баробарида, айниқса йигит-қизларнинг саломатлиги, келажаги, ҳаётига раҳна солмоқда. Мамлакатимизда гиёҳвандликнинг пайини қирқиш, ёшларни бу хатардан асраш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Бу хавфнинг олдини олиш ҳар биримизнинг энг муҳим бурчимиздир.

 

Сурхондарё вилояти Термиз шахар

Имом-Термизий ўрта маҳсус таълим

муассаси директори Хайрулло Мардонов

405650cookie-checkГиёҳвандлик – келажак кушандаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: