islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Йўл бошида Шайтон бор, огоҳ бўлинг

Инсон ҳаётда ўзи танлаган йўлдан юради. Бу танланган йўл эса инсоннинг тақдирини ҳал қилади. Агар инсон ҳаётда яхшилик йўлини танлаган бўлса, у  бахт-саодатга эришади. Мабодо, инсон танлаган йўл ёмонлик йўли бўлса, унда бу йўл инсонга бахтсизлик олиб келади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Биз ун(инсон)га икки кўзни бермадикми ва унга тил ва лабни бермадикми ва уни икки йўл (давон)га йўллаб қўймадикми?” (Балад сураси, 8-10 оятлар). Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири Ҳилол”да:“Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъмати-инсоннинг яхши-ёмонни, оқу-қорани, савоб-гуноҳни ажратиш хусусиятини бериб қўйгани ҳамда яхшилик йўлини ва у қаёққа олиб боришини, ёмон йўлини ва у қаёққа олиб боришини кўрсатиб қўйганидир. Демак, инсон ёмонлик йўлини тарк этиб, доимо яхшилик йўлида юриб, ҳавойи нафсга эрк бермай, тўғри йўлдан қийинчиликларни енгиб бормоғи лозим” дейилади.

Инсон ихтиёридаги йўлларнинг бири тўғрилик йўли бўлса, ундан бошқалари залолат йўллардир. Ўз даврида бу йўллардан Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) узун бир чизиқ чиздилар ва: “Бу Аллоҳнинг тўғри йўли” – дедилар. Кейин унинг атрофига бир нечта майда чизиқлар тортдилар ва: “Бу залолат йўллари, бу йўлларнинг бошида Шайтон турибди”  деб огоҳлантирдилар. ( Имом Аҳмад ривояти).

Барчамизга маълумки, “Аллоҳнинг тўғри йўли” бу “Аҳли сунна-вал-жамоа” тутган йўлдир. Бу йўлдан бошқа йўллар эса ҳар хил адашган оқим, фирқалар танлаган залолат йўллардир. Бу адашган оқим, фирқалар танлаган йўлларининг бошида  эса Шайтон турибди.

Хулоса қилиб айтамизки, бошида Шайтон турган йўллардан огоҳ ва эҳтиёт бўлайлик! Аллоҳ таоло барчамизни Шайтоннинг ҳар хил алдовидан асраб, Ўзининг ҳақ йўлида барқарор қилсин!

 

ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллик ходими

Р. Акбаров

407900cookie-checkЙўл бошида Шайтон бор, огоҳ бўлинг

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: