islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тил – миллатнинг руҳи

Дунёда ҳар бир xалқнинг ўз тили унинг бебаҳо бойлиги, ифтиxори, нажоти ҳисобланади. Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди, тили яшар экан, у миллат бошқа миллатлар орасида ўз нуфузи, обрўсига эга бўлади.  Халқнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк бойлиги бор. Бу – унинг тили. Айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни – халқ, миллатни – миллат қилади.

1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди. Бу Қонун халқимизнинг мустақиллик учун қўйилган дастлабки қадами бўлди. Ушбу Қонуннинг 1-моддаси ва Бош Қомусимизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили” эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминланиши ҳам белгилаб қўйилган.

Ушбу кун муносабати билан Тошкент ислом институтига Ихтисослашган таълим муассасалари агентлиги Тошкент шаҳри Президент мактаби она тили ва адабиёти олий тоифали ўқитувчиси Рашидова Зулфия Ғуломжон қизи ташриф буюрди ва устоз ва талаба қизлар учун “Тил – миллат руҳи” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Рашидова Зулфия ўзбек тилининг бежиз “она тилим” дейилмаслигига урғу бериб, унинг ўзлигимизни англашимизда тутган ўрни борасидаги фикрлари билан суҳбатни бошлади. Шунингдек, ўзбек тилини ўрганишдаги услублар, шу жумладан, оғзаки нутқни ўстириш, матн билан ишлаш кўникмасини шакллантириш, ёзма фикрни тўғри билдира олиш ҳамда луғат бойлигини ошириш усуллари борасида маҳорат дарси кўрсатиб берди.

Талабаларда меҳмон устоз томонидан намойиш этилган янги педагогик услублар катта қизиқиш уйғотиб, суҳбат якунидаги савол-жавоб қисми янада кўтаринки руҳда давом этди.

Рашидова Зулфия ўзбек тилига нафақат ушбу санада эътибор қилиниши кераклиги, балки бу тил бизнинг ажралмас бир қисмимиз эканлигини ҳамда уни қадрлашимиз ва ҳар биримизнинг нутқимизда унинг гўзаллиги ифодаланиб туриши кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

ТИИ Талаба қизлар билан ишлаш

бўйича куратор Саодат Валиева

408740cookie-checkТил – миллатнинг руҳи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: