islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Камол ибн Ҳумон

Буюк бобомиз Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари ҳанафий мазҳабида ўта юксак қадрланадиган асар ҳисобланади. “Ҳидоя” асарига жуда кўплаб шарҳлар ёзилган бўлиб, бу шарҳлар орасида “Фатҳул Қодир” асари энг мўътабар шарҳ деб айтсак, муболаға бўлмаса керак. Ушбу шарҳнинг муаллифи бўлмиш Камол ибн Ҳумом ислом оламида ўз замонасининг буюк олимларидан бири ҳисобланади. Бу зот ҳанафий мазҳабининг энг кўзга кўринган фақиҳларидан ҳисобланадилар. У зотни таржиҳ аҳлидан ва ҳатто мужтаҳид ҳам дейилади.

Бу зотнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Абдулҳамид ибн Масъуд Камол ибн Ҳумом асли Севасий сўнгра Қоҳирий Ҳанафийдир. Камол ибн Ҳумом ҳижрий 790-йили Мисрнинг Искандария шаҳрида қозилар оиласида таваллуд топдилар. Ёшлик чоғларида илм талабида Қоҳирага борадилар ҳамда Қуръони карим ва бир неча матн китобларини  ёд оладилар. Сўнгра илм талабини давом эттириб туғилиб ўсган шаҳарларига қайтадилар ва Искандария уламоларидан дарс оладилар. Кейинчалик Камол ибн Ҳумом яна Қоҳирага қайтиб Изз ибн Абдуссалом, Шамний, Бисотий, Жалол Ҳиндий, Валий Ироқий, Изз ибни Жамоа ва Бадриддин Айний каби кўплаб олимларнинг ҳузурида бўлиб, таълим оладилар.

Шунингдек, бу зот илм талабида Ҳалаб, Қуддус каби шаҳрларга сафар қилиб, бу шаҳарларнинг уламоларидан дарс оладилар. Камол ибн Ҳумом бобомиз Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” китобининг энг мўътабар шарҳларидан ҳисобланадиган “Фатҳул Борий” асарининг муаллифи Шайхулислом Ибн Ҳажар Асқалонийдан ҳам дарс оладилар ва у зотдан ижоза оладилар. Ибн Ҳажар ушбу ижозада: “Олим, фазилатли алломага Аллоҳ уни Ўз паноҳида асрасин ва даражасини юксак қилсин” деб ўз шогирдларини мадҳ этадилар. Камол ибн Ҳумом шу тарзда ўша даврнинг кўплаб олимларидан таълим олиб илм чўққиларини забт этадилар.

Бу буюк зот ўта дақиқ зеҳнли, фикрлаши ва қарашлари кенг, илмий бахсларда масалаларни ўта нозик жойларигача очиб берадиган аллома бўлиб етишдилар. Ҳатто ўз тенгдошларидан олдинлаб кетиб, у зотга “Агар дин ҳужжатлари талаб қилинадиган бўлса, бизнинг шаҳарда Камол ибн Ҳумомдан бошқа уларни келтира оладиган кимса йўқ” деб ишора қилинадиган даражага етдилар.

Яҳё ибн Аттор айтади: “Иффат билан гўзал кўриниш, бойлик билан диёнат, одоб билан бахс-мунозара орасини жамлаш борасида Ибн Ҳумом доимо зарбулмасал қилинган. Ҳатто Саховий Камол ибн Ҳумом ҳақларида қуйидаги сўзларни айтади: “Албатта у зот ер аҳлининг олими ва асрнинг энг яхши муҳаққиқидир”.

Камол ибн Ҳумом усул, тафсир, фиқҳ, фароиз, ҳисоб (математика), тасаввуф, наҳв, сарф, баён, бадиъ, мантиқ, жадал, адаб каби илмларда пешқадам бўлганлар. Бу зот ўта манфаатли тенги йўқ асарлар ёзиб қолдирганлар. Биз юкорида зикр қилиб ўтган “Фатҳул Қодир” асари Ибн Ҳумомнинг шох асарларидан ҳисобланади. Шунингдек, усулул фиқҳ борасида “Ат Таҳрир”, калом илмига оид “Мусояра”, намоз масалаларига оид “Зодул фақир” каби асарлари ҳам бор.

Камол ибн Ҳумом муборак ҳаётлари давомида бир неча мадрасаларда мударрис ва муфтий сифатида фаолият юритдилар ҳамда у зотнинг қўл остиларида замонанинг пешқадам олимлари етишиб чиқди. Буюк имом хижрий 861-йили Рамазон ойининг еттинчиси жума кунида Мисрда вафот этдилар. Жанозага Султон ва кўплаб мусулмонлар хозир бўлдилар ва буюк имомдан ажралганлари сабабидан чуқур қайғуга ботдилар.
Аллоҳ таоло бу зотни ўз раҳматига мушарраф айласин ва бизни ҳам шундай буюк уламоларнинг даражасига етмоқликни насиб қилсин!

Тошкент ислом институти талабаси

Абдуллаев Ҳадиятуллоҳ

408970cookie-checkКамол ибн Ҳумон

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: