islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Халқаро Қуръон мусобақаси ҳаками, Олий маъҳад ўқитувчиси Жаҳонгир қори Неъматов Қозоғистон муфтийси билан учрашди

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси Наврузбай ҳожи Таганули Қозоғистоннинг Миллий Республика байрами муносабати билан илк бор ўтказиладиган I Халқаро Қуръон мусобақаси ҳакамлари билан учрашди. Мусобақа 1-2 ноябрь кунлари Остона шаҳрида ўтказилади.

Учрашувда Усмон Шаҳин (Туркия), Жаҳонгир қори Неъматов (Ўзбекистон), Маҳер Фарамавий (Миср Араб Республикаси), Абдулла Али Алҳашми (Бирлашган Араб Амирликлари) ва ҳакамлар ҳайъати раиси Эрсин Амире иштирок этди. Диний идора раиси хорижлик меҳмонларга миннатдорчилик билдириб, муҳим мусобақа ҳақида маълумот берди.

“Аввало, қозоқ давлатига хуш келибсиз. Таклифимни қабул қилганингиз учун ташаккур. Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг энг йирик тадбирларидан бири бу Халқаро Қуръон мусобақасидир. Ушбу мусобақага дунёнинг 27 давлатидан номзодлар келган. Энг кучли қорилар беллашишга киришадилар. Шундай экан, барча масъулият сизга тушиши аниқ. Адолатли баҳойингиз билан иштирокчи ва томошабинларни хурсанд қилишингизга ишонаман. Сизлар, албатта, шундай йирик мусобақаларда кўп қатнашгансиз. Дунёнинг кўплаб мусулмон мамлакатларида Қуръон мусобақалари ўтказилади. Ваҳоланки, Қозоғистон мамлакати бундай машҳур мусобақада илк бор ташкил қилмоқда. Бунгача ҳар йили эркаклар ва аёллар ўртасида республика Қуръон мусобақалари ўтказилар эди. Яқинда Оқтау шаҳрида ХII Республика Қуръони Каримни ёд олиш ва тиловат қилиш мусобақаси бўлиб ўтди. Мазкур мусобақадаги ҳакамлигингиз ва хизматларингиздан Аллоҳ рози бўлсин. Меҳмондўст қозоқ юртига хуш келибсиз”, деди Бош муфтий.
Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов ҳам учрашувда сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Учрашувда хорижлик ҳакамлар қозоқ заминида ўтказилаётган бундай муҳим мусобақага ҳакамлик қилиш катта шараф ва катта масъулият эканини таъкидлаб, ўзларининг самимий қутловларини изҳор этдилар. Учрашувда ноиб муфтий Эршат Онгар халқаро Қуръон мусобақаси қоидалари ҳақида батафсил маълумот берди.

 

ТИИ Матбуот хизмати

410250cookie-checkХалқаро Қуръон мусобақаси ҳаками, Олий маъҳад ўқитувчиси Жаҳонгир қори Неъматов Қозоғистон муфтийси билан учрашди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: