Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси доценти, Дин ишлари бўйича қўмита Диншунослик экспертизаси бўлими бошлиғи Беҳзод Соипов Модуль таълим тизими талабалари учун “Диний мазмундаги материаллар, уларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишнинг тартиб-қоидалари” мавзусида давра суҳбати ўтказди.
Қонунчиликка кўра, диний мазмундаги материаллар диний таълимотнинг ақидавий асосларини, тарихини, диний таълимот мафкурасини ва шарҳларни, турли диний таълимотларнинг маросимлар ўтказиш амалиётини, шунингдек алоҳида шахсларнинг, тарихий фактлар ва ҳодисаларнинг диний нуқтаи назардан баҳосини акс эттирувчи китоблар, рисолалар, журналлар, газеталар, варақалар, бошқа босма нашрлар, белгилар, предметлар, рамзлар, аудиовизуал асарлар, теле-, кино- ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзувлари, мультфильмлар ва бошқалар, электрон ахборот ташувчилардан, дискетлар, CD, DVD дисклари, ўрнатилган ва ечиб олинадиган хотира карталари, Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган материаллар ва бошқалардан иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш жамиятда конфессиялараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади.
Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Диншунослик экспертизаси — ваколатли орган томонидан материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш, тарқатишга рухсат бериш (рухсат бермаслик) масаласини ҳал этиш учун уларда амалдаги қонунчиликка зид элементлар, диний қонун-қоидалардан оғишганлик ёки бузиб кўрсатишнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигига оид тадқиқотлар ўтказишдир.
ТИИ Матбуот хизмати