Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Декабрь – Ислом ва ҳозирги замон” фан ойлиги муносабати билан “Ижтимоий фанлар” кафедраси томонидан “Давлат ва дин муносабатлари: тарихий воқелик ҳамда бугунги кун” мавзусида анжуман ташкил этилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари иштирок этган онлайн/оффлайн анжуманга маърузачи сифатида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор Даврон Мақсудов таклиф этилди.
Тадбирни ЎМИ раиси ўринбосари, ТИИ ректори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов кириш сўзи билан очиб берди. Анжуманда ДИҚ мутахассиси Элёр Алимқулов, ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими мудири ўринбосари Акбар Дўсматов, ТИИ проректори Соатмурод Примов, Ижтимоий фанлар кафедраси мудири Абдумалик Эгамов ҳам иштирок этдилар.
Маърузаси Д. Мақсудов дин ва давлат муносабатларининг тарихий илдизлари, давлатнинг функциялари, диннинг жамиятдаги ўрни ҳақида маълумот берди.
Диний таълим муассасаларида, хусусан Тошкент ислом институти мисолида профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти ўсаётгани қайд этилди.
ТИИ Модуль таълим тизимининг аҳамияти, шу тизим орқали ўрта махсус диний маълумотли имом-хатиб ва ноиб имомлар олий маълумотли бўлиб, келгусида фан доктори илмий даражаларини олишлари лозимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга ЎМИ раисининг ўринбосари, ТИИ ректори М.Муҳаммадсиддиқов ҳам давлат ва дин ўртасидаги муносабат, бу борада Дин ишлари бўйича қўмитанинг ўрни, диний идора тасарруфидаги таълим муассасаларида олиб борилаётган амалий ишлар, хусусан ТИИда очилажак магистратура ва докторантура босқичлари, Илмий кенгаш, диссертациялар муҳокамаси ва мавзуларни тасдиқлаш жараёнлари, мавзулар бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш билан боғлиқ масалалар юзасида анжуманда қатнашаётган барча таълим муассасалари ўқитувчилари, ходимлари ва талабаларига маълумот берди.
ТИИ Матбуот хизмати