islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

«Баҳрут тафсир» китоби тақдимоти

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими Жўрабек Чўтматов томонидан «Китаб тафсир ал-Қуръон ал-мусамма баҳр ат-тафсир» номи остида чоп этилган «Баҳрут тафсир» асари тақдимоти бўлиб ўтди.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр ибн Ҳорун Ҳаким Термизий (205-320/820-932) Ислом тарихидаги энг йирик олим ва мутафаккирлардан бири бўлган. Олим чуқур илм ва кенг дунёқарашга эга бўлгани учун «Ҳаким», «доно» деган тахаллусни олган. Алломанинг ҳаёти ва таълимотини чуқур ўрганган Мисрлик таниқли олим Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Барака Ҳаким Термизий 205/820 йилда Термиз шаҳрида таваллуд топиб, узоқ умр кўриб 320/932 йилда 112 ёшида вафот этгани хақида ёзади.

Олимнинг таржимаи ҳолига оид маълумотлар Тожуддин Субкий, Хатиб Бағдодий, Ибн Ҳажар Асқалоний, Сулламий ва бошқалар асарларида, шунингдек, унинг ўзининг қаламига мансуб «Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ», яъни «Абу Абдуллоҳ ишининг бошланиши» номли автобиографик рисоласида келтирилган.

Ҳаким Термизий кўплаб исломий илмлар қатори тафсир илмида ҳам етакчи олимлардан саналади. Алломанинг «Баҳрут тафсир» асари бунинг мисолидир.

Олимнинг ушбу асари Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида тадқиқ этилиб, «Китаб тафсир ал-Қуръон ал-мусамма баҳр ат-тафсир» номи билан араб тилида илк бор чоп қилинди. Унга «Ва талийҳи муқтатофат мин тафасир ал-Ҳаким ат-Термизий ли-баъзил оят» номли қўшимча қисм ҳам киритилди. Ушбу асар илк мартаба 1444/2023 йилда Истанбулнинг «Дорул кутуб ал-арабий» нашриётида нашр этилди. Асар 777 саҳифани ташкил этади.

Ушбу асар таҳририда Жўрабек Чўтматовдан ташқари Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Маҳмуд Нормуродов, Фахриддин Худойназаров, Аббосхон Абдуллаев ва Умарали Ўлжаевлар ҳам иштирок этишган. Умумий таҳрир эса Холид Заҳрий томонидан амалга оширилган.

ТИИ Илмий тадқиқот фаолиятини

ташкил этиш бўлими услубчиси

Сирожиддин Шодмонов

415490cookie-check«Баҳрут тафсир» китоби тақдимоти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: