Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов халқаро конференцияда иштирок этиш ва бир қатор илмий марказларда учрашувлар ўтказиш мақсадида Туркияга илмий сафар қилдилар.
“Мовароуннаҳрнинг Ислом илм-фани ва маданиятига қўшган ҳиссаси” мавзусидаги халқаро конференция 2023 йил 21 декабрь куни Истанбул университети Илоҳиёт факультети анжуманлар залида бўлиб ўтди.
Конференция Аё-София масжиди имом-хатиби Ферруҳ Муштуэрнинг Қуръони Карим тиловати билан бошланди.
Халқаро анжуман Истанбул университети ректори профессор, Доктор Усмон Булент Зулфиқор, UMAD- Uluslararası Müslüman Alimler Dayanışma Derneği – “Халқаро мусулмон уламолари бирдамлик ассоциацияси” президенти Абдулваҳҳоб Экинжи ва İHAM – Ilim hizmet ve araştirma merkezi – “Илмий хизмат ва тадқиқот маркази” президенти профессор, Доктор Мустафо Караташнинг кириш сўзлари билан очилди.
Мазкур анжуманда мамлакатимиздан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт университети доценти Абдумурод Тилавов, Тошкент давлат Юридик университети профессори Абдумухтор Раҳмоновлар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов “Ҳанафий мазҳабининг Мовароуннаҳрга кириб келиши, тарқалиши ва ривожланиши” мавзусида маъруза қилди.
Истанбул университети ректори профессор, Доктор Усмон Булент Зулфиқор Мовароуннаҳрнинг инсоният тарихи ва Ислом маданиятидаги ўрни ва аҳамиятига урғу берди. Бу диёрдан етишиб чиққан уламоларнинг Ислом динига қўшган ҳиссасига тўхталиб ўтган Профессор Усмон Зулфиқор Темурийлар давлатининг минтақада илм-фан ва маданият борасидаги хизматларига алоҳида эътибор қаратди. Ректор Туркия, жумладан Истанбул университети билан Ўзбекистон ўртасидаги илмий алоқалар янада ривожланаётганини таъкидлади.
Анжуман якунида Профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Истанбул университети ректори, профессор Усмон Булент Зулфиқорга эсдалик совғаларини топширди.
Халқаро конференция доирасида Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ва Истанбул университети ректори, профессор Усмон Зулфиқор ўзаро учрашиб, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида фан, таълим ва бошқа кўплаб соҳаларда ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар, жумладан икки таълим муассасалари ўртасида илмий-тадқиқот соҳаларида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва босқичма-босқич уни янада ривожлантириш истиқболлари борасида фикр-мулоҳазалар алмашдилар.
ТИИ Матбуот хизмати