Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Туркия сафари давомида Истанбул 29 Май университети кутубхонасига ҳам ташриф буюриб, фаолияти ва имкониятлари билан яқиндан танишди.
Истанбул 29 Май университети кутубхонаси Туркиянинг энг яхши ихтисослашган кутубхоналаридан бири бўлиб, ўқитувчи ва талабаларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжни тез ва қулай тарзда қондиради.
Ташкил этилган кундан бошлаб университетда кутубхона хизматига катта аҳамият берилиб, ушбу кутубхонани узлуксиз ривожлантириш таълим муассасасининг асосий вазифаларидан биридир. Туркия Олий таълим Кенгаши томонидан чоп этилган «Вақф олий таълим муассасалари 2018-2021» ҳисоботларига кўра Истанбул 29 Май университети кутубхонаси барча вақф университетлари орасида битта талабага тўғри келадиган босма китоблар сони бўйича биринчи ўринда туради.
Элмаликент шаҳарчасидаги кутубхона уч қаватдан иборат ва 10 500 м.кв. ёпиқ майдонга эга. Кутубхонада 1 млн. жилд китоб мавжуд ва 1500 кишига мўлжалланган бўлиб, унда катта ва шовқинсиз ўқув заллари, семинар хоналари, ошхоналар, намозхоналар ва бошқа кўплаб қулайликлар мавжуд. Кутубхона ўзининг кенглиги, шарт-шароитлари ва имкониятлари билан талабалар ва тадқиқотчилар учун илм-фан, ғоялар ва санъат муҳитини ҳосил қилган.
Кутубхона 116 000 жилд босма ва 210 000 электрон китоблар, 20 145 жилд ва 1132 турдаги журналлар билан таълим ва илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида магистрант, докторант ва академикларга юқори даражадаги хизмат кўрсатмоқда.
ТИИ Матбуот хизмати