Ота-она хизмати фарзанд учун шарт бўлган амалдир. Пайғамбар (с.а.в.) ҳузурларига бир киши келиб бирор ишга буюришларини сўради. Шунда пайғамбар (с.а.в.): Ота-онанг тирикми?” деб сўрадилар. У: “ Ҳа” деб жавоб берди. “Ота-онанг хизматини қил!”, дедилар.
Дарҳақиқат, фарзанд ота-онасининг хизматини қилиб сира чарчамаслиги керак ва у ҳеч қачон уларнинг олдида “уф” демаслиги лозим. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Раббингиз, ўзига ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни буюрди. Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар. Уларга “Уф..” дема ва жеркима. Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, сен ҳам уларга раҳм қилгил!” ( Исро сураси. 23-24оят). Ушбу оятнинг тафсирида: “Олдинги оятда Аллоҳга ширк келтиришдан қайтарилган бўлса, бу оятда ягона Маъбудга-Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга, шундан сўнг ота-онага яхшилик қилишга буюрилмоқда. Бу Аллоҳнинг бандаларига амри, буйруғи, фармонидир, ким буни бажарса. улкан савобга эришади, ким инкор қилгудай бўлса, қаттиқ гуноҳга ботади. Аллоҳ таолонинг аввал Ўзига ибодат қилишга, шундан кейинроқ ота-онага яхшилик қилишга буюришининг чуқур ҳикмати бор. Парвардигор бу билан ота-онага яхшилик қилишни, меҳрибонлик кўрсатишни ибодатга тенглаштирмоқда. Савоб ва гуноҳда иккиси бир мақомда эканини таъкидламоқда. Ҳузурингизда хоҳ отангиз, хоҳ онангиз ёки икковлари тенгдан кексайиб қолишса, уларга фақат яхши, ёқимли сўзларни айтиш, жеркимаслик. дилларини оғритмаслик фарзанднинг муҳим бурчидир” дейилади.
Ота-онамизга бир умр хизмат қилсак, уларга “бошни фидо”, “жисмни садқа” қилсак арзийди. Ўз даврида бу ҳақда ҳазрати Алишер Навоий шундай ёзиб қолдирганлар:
Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа она бошиға
Фарзанд учун ота-она давлат. У бу давлат учун ҳамиша шукр қилишимиз ва ота-онамизнинг розилигини топиш учун ҳаракат қилмоқлигимиз лозим. Ота-онасининг розилигини топган фарзанд эса икки дунё саодатига эришади. Аллоҳ таоло барчаларимизни ота-оналаримизнинг хизматини қилиб, уларнинг дуоларини олишга муваффақ қилсин!
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги
вакиллик ходими Р. Акбаров