Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганига 32-йил тўлиши ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсоли” шиори остида “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Ватан ҳимоячиларининг фидойилиги, жасорати ва қаҳрамонликларини тарғиб қилиш, Қуролли Кучларимиздан ғурурланиш ва ҳарбий хизматга чуқур ҳурмат туйғуларини камол топтириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Тошкент ҳарбий округи Подполковник Мурод Қосимов ва “Жасорат” медали соҳиби, катта сержант Сардорбек Мамарасулов, институт талабалари ва профессор ўқитувчилари иштирок этди.
Тадбирни институтнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Тохир Эвадуллаев кириш сўзи билан очиб, Ватанни муҳофаза қилишнинг маънавий жиҳатларига тўхталиб, шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги глобаллашув дунё шароитида бузғунчи ғоявий хуружлардан ёш-авлод онгини асраш, турли эктремистик ташкилотларнинг вайронкор қарашларига муносиб ва илмий раддиялар бериш ҳам ҳар бир юрт фарзандининг Ватан олдидаги бурчи ва қуролли ҳимоядан аҳамияти кам эмаслигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, юртимиздаги байрамлар орасида 14-январда нишонланадиган Ватан ҳимоячилари кунининг ижтимоий ҳаётимизда алоҳида ўрни бор. Бахтли, фаровон ва осуда турмушимиз учун Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаётган ҳарбийларимизнинг муносиб хизматларини ҳар қанча қадрласак, эътироф этсак, арзийди.
Шундан сўнг, Подполковник Мурод Қосимов ва катта сержант Сардор Мамарасулов Қуролли кучларимиз мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир бўлган, ҳаракатчан ва пухта қуролланган қудратли кучга айланганини алоҳида эътироф этди. Ўтган йиллар давомида миллий армиямиз довруғи дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторида эътироф этилаётгани ҳамда кучли ҳарбий қудратга эга давлатлар орасида ўтказилаётган ҳарбий машғулотларда Ўзбекистон армияси энг олий ўринларни қўлга киритиб келаётгани тилга олиниб, ёшларимиз қалбида армиямиз билан фахрланиш туйғуси, ватан ҳимоячисидек олижаноб касбга ҳурмат-эҳтиром ҳисси янада ортиб бораётгани таъкидланди.
Шунингдек, миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган барча ҳарбийлар ҳамда фахрийларнинг Ватан ва халқ олдидаги хизматларини муносиб қадрлаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, оиласи ва фарзандларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ишлар йилдан йилга янги босқичга кўтарилаётгани хусусида ҳам сўз юритилди.
Иштирокчилар томонидан Ватан қадри, унинг ҳимоясида туриш шарафи бир неча ҳаётий мисоллар асосида келтирилиб, тарих ва бой маданиятимиз, буюк аждодларимиз қолдирган бебаҳо мерос асосида Она Ватанимизга содиқ, қатъий ҳаётий қарашлар ва фаол фуқаролик позитсиясига эга ёшларни тарбиялаш зарурати қайд этилди.
Тадбир сўнгида иштирокчиларга институт раҳбарияти томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Шунингдек, Ватанимиз озодлиги йўлида жон берган ота-боболаримиз ва ҳарбий хизматчилар ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, юрт тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги бардавом бўлишини сўраб дуои хайрлар қилинди.
Ёшлар билан ишлаш маънавият ва маърифат
бўлими ходими Р.Олтинбоев