islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Модуль талабалари Фатво марказида

Фатво сўзи араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, сўраган кишига шаръий далил асосида жавоб беришга нисбатан ишлатилади. Яъни, фатво – турли фиқҳий саволлар бўйича йирик мусулмон ҳуқуқшуносларининг қатъий фикрларини ифодалайди. Фатво бериш шариатда  фарзи кифоя амал ҳисобланади. У  якка тартибда, жамоавий ёки йўналтирилган идоралар томонидан берилади. Ҳозирда у, кўпгина мусулмон мамлакатларда расмий фатво берувчи диний идора, халқаро марказлар ёки кўзга кўринган ва тан олинган уламолар томонидан ишлаб чиқилмоқда. Шуни таъкидлаш ўринлики, Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Чунончи, Қуръони каримнинг ўзига хос мўъжизакорлиги, ундаги балоғат ва фасоҳатнинг ниҳоят даражада юқорилиги, жумлаларнинг тузилиши ва бошқа жиҳатлари шу вақтгача одамзодни ажаблантириб келган.

Имом Доримий Убайдуллоҳ ибн Жаъфардан мурсал ҳолда ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Фатвога журъатлироғингиз дўзахга журъатлироғингиздир”, деб айтганлар. Баъзи саҳобалар бирон-бир масала ҳақида савол сўралса жавоб беришга шошилишмас, балки уни бошқа одамдан сўрашни илтимос қилар экан. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен қачонки, Аллоҳнинг китобидан бирон – бир ҳарфи ҳақида Аллоҳ ирода қилмаган нарсани айтсам қайси осмон менга соя бўлади, қайси ер кўтариб туради ва қаерга бораман ва нима қиламан?” – деб айтганлар.

Шундай экан, исломнинг ҳар икки манбаси, яъни Қуръон ва Суннага асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти, жамият фаровонлиги ҳамда унинг ижтимоий тараққиётини кўзлаб ҳукм чиқариш алоҳида билим ва малака талаб этади. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина ҳукм чиқариш ҳуқуқига эга.

Шу маънода барча исломий билим юртларида бўлганидек Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам бўлажак динимиз ходимлари бўлган талабаларга шариат ҳукмлари чуқур ўргатилиб келинмоқда. Ақида, ҳадис, тафсир фанлари билан бир қаторда фиқҳ ва унга доир бўлган фатво бериш асослари ҳам мунтазам равишда талабаларга дарс сифатида ўқитилади. Талабалар олган диний билимларининг амалий татбиқини ҳам кўриш учун фатво марказига ташриф қилинади.

Шу мақсадда институтнинг Модуль таълим тизимидаги 1-курс талабалари Ўзбекистон Мусулмонлар идораси қошидаги Фатво марказига ташриф буюрдилар ва у ердаги иш жараёни билан яқиндан танишдилар. Институт талабалари фатво бериш жараёнини ўз кўзлари билан кўриш билан бир қаторда шу ерда фаолият олиб бораётган устозлардан ўзлари учун муҳим кўрсатма сабоқларни ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

 

ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси

ўқитувчиси А.Аллаберганов

418670cookie-checkМодуль талабалари Фатво марказида

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: