Дин ишлари бўйича қўмита Диний-маърифий ташкилотлар ва илмий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов Модуль таълим тизими талабалари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Тадбирни ТИИ ректори М.Муҳаммадсиддиқов кириш сўзи билан очиб, Модуль таълим тизими фаолияти, ўқув дастурлари, ўтилаётган фанлар ва бошқа ташкилий масалалар юзасидан маълумот берди.
Бевосита масжидлар, уларда меҳнат қилаётган имом-хатиб ва имом ноиблар билан ҳамкорликда ишловчи ДИҚ бошқармаси ва ЎМИ бўлими масъуллари айни пайтда ТИИда таълим олаётган 360дан ортиқ масжидларнинг ходимлари билан учрашиб, уларнинг ўқиши, дарсларда қатнашиши, уларга яратилган шарт-шароитлар, контракт тўловлари, дарслар билан узвий давом этаётган имомлик фаолиятлари борасида суҳбатлашиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиб, очиқ мулоқот ўтказилмоқда.
М.Ҳакимов ва М.Камолов мулоқот чоғида сўзга чиқиб, Модуль таълим тизимининг мазмун-моҳияти, масжидларда ишловчиларни олий диний кадрлар қилиб тайёрлашнинг аҳамияти, имом-хатибларга қўйилаётган талабалар ва соҳага оид бошқа йўналишлар бўйича талабаларга маълумот бердилар.
Тошкент ислом институтида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ўрта махсус маълумотга эга имом-хатиб ва ноиб имомларни олий маълумотли кадрлар қилиб тайёрлаш мақсадида Модуль таълим тизими жорий қилинди.
Модулга абитуриентларни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти ва вилоятлар вакиллари тавсия этади. Модуль талабалари масжиддаги иш фаолиятларидан ажралмаган ҳолда 3 йил мобайнида тўлов-контракт асосида таҳсил оладилар.
Бу тизимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларини тамомлаган, 4 йил ва ундан ортиқ муддат давомида ЎМИ тизимидаги масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом ноиблари имтиҳон асосида ўқишга қабул қилинади.
ТИИ Модуль таълими учун, олий маълумотли диний кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб вилоятлар кесимида квоталар ажратилган.
Вилоятларга ажратилган квотага кўра энг юқори балл тўплаган 60 нафар имом-хатиблар ва 60 нафар ноиб имомлар, жами 120 нафар абитуриент Олий Маъҳад талабаси бўладилар.
ТИИ Матбуот хизмати