Қадимда араб халқида қизил туя (حُمُرِالنَّعَمَ) энг қимматли нарсалардан бир ҳисобланган. Улар бир нарсанинг қиймати жуда юқори эканлигини билдириш учун уни қизил туяга қиёс қилганлар. Ўз даврида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бир инсон орқали бошқа бир кишини Аллоҳ таоло ҳидоят қилиши у инсон учун қизил туяга эга бўлишдан кўра яхшироқ эканлигини айтганлар.
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ لِعَلِيٍّ: فَوَاللهِ لأَنْ يَهْدِيَ اللهُ بِكَ رَجُلاً وَاحِدًا خَيْرٌ لَكَ مِنْ حُمُرِ النَّعَمَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.
Абу Аббос Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алий розияллоҳу анҳуга: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло сен сабабли бир кишини ҳидоят қилмоғи қизил туядан ҳам яхшироқдир», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Дарҳақиқат, бир инсонга тўғри йўл кўрсатиш, бу йўл орқали уни ҳидоят топиши жуда катта савобли ишдир. Аллоҳ таоло барчамизни мана шундай ажри катта савобли ишларга муваффақ қилсин!
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
Р. Акбаров