Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор М.Муҳаммадсиддиқов, ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими мудири С.Шерхонов, Молиявий назорат ва таҳлил бўлими мудири И.Зуҳриддинов Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиётига ташриф буюрдилар ва имом-хатиблар билан учрашиб, мулоқот ўтказдилар.
Учрашувда масъуллар Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, глобал таҳдидлар, сиёсий-диний оқимлар хатари, имом-хатибликнинг масъулияти, билимли ва дунёқараши кенг диний кадрларга бўлган талаб ва уларга қўйилаётган вазифалар юзасидан нутқ сўзладилар.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти 1992 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиётида дастлаб марҳум Увайс Алаўддинов, кейин Зийнел Арафатдинов қозилик қилган. 1998-1999 йиллари Кеўлимжай Жамалов, 1999-2005 йиллари Мурат Абдиев, 2005-2012 йиллари Қидирнияз Алимбетов, 2012-2023 йиллари Шамсутдин Бауатдинов қози бўлиб ишлаган. 2023 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан Баҳраматдин Разов қози этиб тайинланди.
Ҳозир республикада 63 та жоме масжид ишлаб турибди. Хўжайли туманида “Пирим эшон бобо”, Беруний туманида “Султон Увайс бобо”, Тўрткўл туманида “Мулла Жумабой”, Элликқалъа туманида “Абдуллоҳ Норинжоний”, Амударё туманида “Юсуф эшон”, Амударё туманида “Нўғай эшон”, Қўнғирот туманида “Ҳаким ота”, Нукус туманида “Имом эшон”, Тахтакўпир туманида “Халқ”, Мўйноқ туманида “Тўқмоқ ота” каби йирик жоме масжидлар фаолият юритмоқда.
Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикасида “Муҳаммад Бахий эшон”, “Салмен эшон”, “Сафар ота”, “Атажан хўжа”, “Бердақ бобо”, “Юсуф ота”, “Раҳматуллоҳ махсум”, “Айимбет охун”, “Абдулкарим охун”, “Ҳаким ота”, “Қорақум эшон”, “Мулла Исҳоқ” каби янги жоме масжидлари очилди.
Жомеларда 22 нафар олий, 41 нафар ўрта-махсус диний маълумотга эга имом-хатиб ишлайди.
ТИИ Матбуот хизмати