islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қарматийларнинг бузғунчилиги: Ҳажарул асвадни ўғирланиши

Каъбанинг қора тоши мусулмонлар учун жуда ҳам ҳурматлидир. Саҳиҳ ҳадисларда айтилишича, Қора тош Одам алайҳиссалом билан бирга жаннатдан тушган. Аввалига кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ бўлган, лекин кейин инсонларнинг гуноҳкорлиги сабаб қорайиб кетиб, ундаги нур ўчади.

Каъбани тавоф қилиш айнан Қора тош, яъни Ҳажарул асвад қўйилган бурчакдан бошланади ва зиёратчилар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сингари, иложи бўлса, унга қўллари билан тегишга ҳаракат қилишади.

Бугунги кунда Қора тош кумуш ғилоф билан ўралган. Илгари кумуш қоплама бўлмаган, чунки тош мустаҳкам ва уни деворда ушлаб туриш учун ғилоф шарт эмас эди. Кейинчалик Қора тош қарматийлар оқими вакиллари томонидан синидирилиб, бўлакланган.

Қарматийлар Абу Саид Ҳасан Жаннабий бошчилигида ҳозирги Баҳрайн ҳудудида давлат туздилар. 923 йилда эса бу оқимга унинг укаси Абу Тоҳир Жаннабий раҳбарлик қилди. Унинг даврида оқим ҳукмронлиги кенгайиб, қўшни давлатларни ваҳимага сола бошлади. Шу йили улар Басрага, 927 йилда эса Куфага бостириб киришди.

Абу Тоҳир Жаннабийнинг асосий мақсади Ҳажарул асвад эди. У Ислом маркази Маккадаги Каъба эмас, балки ўзи қурган давлат пойтахти асосий бош шаҳар бўлишини “орзу” қилди. Ҳажарул асвадни ўзининг шаҳрига олиб кетиб, масжидга ўрнатмоқчи бўлди.

Дастлаб қарматийлар қўшини Маккага ҳаж ёки умра зиёратига кетаётган зиёратчиларга ҳужум қилиб, талон-торож қилиб, асирларни қул қилиб олдилар. Аммо Каъбани зиёрат қилишга иштиёқманд мусулмонлар оқими тинмади. Ва кейин қарматийлар бошлиғи Каъбага ҳужум қилиб, Қора тошни олишга қарор қилди. Бу 930 йилда содир бўлди.

Маккаликлар Абу Тоҳир Жаннабийни ва у билан бирга келган издошларини шаҳарга киритишни истамадилар, лекин у тинчлик учун келганман, деб қасам ичди. Ва ҳажнинг биринчи кунидаёқ хиёнат қилиб ваъдасини бузди. Қарматийлар Маккага ҳужум қилиб, Масжидул Ҳаромга бостириб кириб, у ерда қирғин уюштирдилар. Муқаддас Каъбада ўттиз мингга яқин мусулмон ўлдирилди. Улар Қуръон саҳифаларини истеҳзо билан ўқишар ва одамларни ўлдиришар эди.

Ҳужумда Каъбага зарар етди. Карматияликлар Қора тошни бўлакларга бўлишди ва ўзлари билан олиб кетишди. Ўлдирилган ҳожиларнинг жасадларини Замзам қудуғига ташладилар. Зиёратгоҳнинг бутун ҳудуди ва унинг атрофи қонга ботди. Маккаликларнинг уйлари вайрон қилинди ва талон-торож қилинди, аҳолининг ўзи эса асирга олинди.

Абу Тоҳир Жаннабий қора тошни Қарматийлар давлати пойтахти – Масжидуз Зирорнинг бош масжидига қўйди.

Қарматийлар пойтахтини ислом дунёсининг марказига айлантириш режалари амалга ошмади, чунки Аллоҳ таоло мусулмонлар Каъбасини бузғунчилардан ҳимоя қилди. Қарматийларнинг бошлиғи Абу Тоҳир Жаннабий тузалмас касалликка чалинди – унинг танасида яралар пайдо бўлиб, унинг гўштини қуртлар аста-секин еб битирди. У бошқаларга огоҳлантириш ўлароқ даҳшатли азобда вафот этди.

Қора тош ўз жойига орадан 23 йил ўтиб қайтарилди. Аббосий ҳукмдорлари Қора тошни қайтариш учун катта миқдорда маблағ тўладилар. Бироқ, Ҳажарул асваднинг бўлаклари қайтарилди. Таъкидланишича, тошнинг етти қисми бир-бирига бириктирилиб кумуш рамкага маҳкамланган.

Аллоҳ таоло бизларни Байтуллоҳга нисбатан ҳурматсизлик қилишдан сақласин ва барчага мусулмонларни Ўзининг байти Каъбасини зиёрат қилишни муваффақ қилсин!

Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани,

Нурул ислом жоме масжиди

имом ноиби Фахриддин Мустақов

423510cookie-checkҚарматийларнинг бузғунчилиги: Ҳажарул асвадни ўғирланиши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: