islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўзбек тили онлайн таълим платформаси яратилди

“Ватандошлар” жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбек тили онлайн таълим платформаси яратилди.

Мазкур платформанинг тақдимот тадбирига ижодкор зиёлилар, хорижда истиқомат қилаётган ҳамюртларимиз, педагоглар, маънавият тарғиботчилари таклиф этилди.

Иштирокчилар – турли мамлакатлардан келган ватандошларимиз дастлаб пойтахтимизнинг Адиблар хиёбонидаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Тақдимот тадбирида “Ватандошлар” жамоат фонди бошқаруви раиси Одилжон Сатторов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тузилма жаҳондаги кўплаб хорижий давлатларда яшаётган ўзбеклар, шу заминдан яхшилик кўрган, у билан тақдири, энг азиз хотиралари боғланган одамлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйганини таъкидлади.

Айни пайтда хорижда истиқомат этаётган юртдошларимиз гарчи ўзлари ўзбек тилини яхши билсаларда, бироқ уларнинг фарзандлари бу тилдан тобора узоқлашиб бораётгани афсусланарли ҳолат эканига эътибор қаратилди. “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан ўзбек тилини ўргатиш бўйича туркум онлайн машғулотлар ҳам йўлга қўйилгани, тилимизни янада кенгроқ ўргатиш зарурати борлигини кўрсатди.

– Ҳозирда хорижий тилларни тезкор ўргатадиган дастурлар жуда кўп, – деди “Ватандошлар” жамоат фонди бошқаруви раиси Одилжон Сатторов. – Ўзбек тилини ўрганиш бўйича илк марта ишлаб чиқилган ушбу онлайн таълим платформаси босқичма-босқич А1 даражасида ўргатади. Келгусида уни янада такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Алишер Уббиевнинг фикрича, ушбу платформанинг яратилиши хорижда ўзбек тилини ёшларга ўргатиш ва тарғиб этиш, она тилимизни янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.

Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази директори Дилрабо Давидованинг айтишича, мазкур платформани яратишда ўзбек тилини ўрганувчиларга тушунарли, содда, равон, осон тарзда тушунтиришдек ёндашувга асосланилган. Платформада “Келинг, танишайлик”, “Катта ҳовли”, “Ўлчов”, “Маҳалламизда”, “Касблар”, “Йўл бўлсин”, “Янгиликлар”, “Дам олиш” каби бўлимлар бор. Платформада шунингдек, машқлар бажариш орқали оғзаки ва ёзма кўникмаларни ошириш, ўзини ўзи текшириш имконияти ҳам яратилган. Ҳаётий диалоглар, видео, аудио контентлар билан бирга машғулотлар қизиқарлилигини таъминлаш учун бошқотирмалар ҳам келтирилган. Энг асосийси, платформадаги материаллар орқали миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз очиб беришга ҳаракат қилинган.

Машғулотлар Фонднинг муаллифлик ҳуқуқи асосида ягона автоматлаштирилган электрон порталга (https://vatandoshlarfondi.uz) жойлаштирилди. Машғулотларда фақат рўйхатдан ўтган ватандошлар фойдаланиши мумкин. Машғулотларни муваффақиятли тамомлаган ўрганувчиларга махсус сертификатлар тақдим этилади. Ўзбек тили онлайн таълим платформаси А1 даражаси 8 модулда (ҳар бир модулда 3 тадан мавзу) 24 та машғулот орқали ўргатилади.

Тадбирда мазкур платформани яратишда жонбозлик кўрсатган мутахассисларга ташаккурномалар топширилди.

 

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири

423800cookie-checkЎзбек тили онлайн таълим платформаси яратилди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: