islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Ўзбекистон ифтихори” билан учрашув

Тошкент ислом институти талабалари билан профессионал боксчи Шаҳрам Ғиёсов иштирокида “Спорт – бу соғлиқ ва бахтли ҳаёт манбаи” мавзусида учрашув ўтказилди.
Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, ТИИ ректори М.Муҳаммадсиддиқов кириш сўзи билан очиб берди.

Шаҳрам Ғиёсов 2016 йилги Рио де Жанейродаги Олимпиаданинг кумуш медали совриндори, 2017 йилда 69 кг гача вазнда ҳаваскорлар ўртасида жаҳон ва Осиё чемпиони, 2017 йили ҳаваскорлар ўртасида Осиёнинг энг яхши боксчиси, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳибидир. 2019 йилнинг апрель ойида Шахрам профессионал боксчи сифатида 63,5 кг гача бўлган супер енгил вазнда WBА чемпионлик камарини қўлга киритди.

Асосий ният ибодат бўлган ҳолда намоз ўқиш, ҳаж қилиш каби барча амаллар саъй-ҳаракат асосига қурилган, шундай экан, ҳар бир мусулмон доимо ҳаракатдадир. Профессионал шуғулланишга вақт топилмаса ҳам, ҳар бир инсон спортнинг бирор тури билан ҳаёти давомида оз бўлса-да машғул бўлади. Бу унинг ҳам ақлан, ҳам жисмонан соғлом бўлишига ёрдам беради. Спорт мардлик, сабр-матонат ва фикрлаш каби руҳий-ақлий фазилатларга эришишга сабабчидир. Ёшларни бекорчиликдан, вақтни исроф қилмасликка, соғлом турмуш тарзига ўргатади.

Профессионал спорт билан шуғулланиб, дунё миқёсида юқори натижаларга эришган боксчи Шаҳрам Ғиёсов билан учрашув талаба ёшларнинг ўз устида ишлаш, кўзлаган мақсадларига етишиш, юксак марраларни забт этиш каби кўникмаларни олиш учун ҳаётий мотивация бўлди десак хато бўлмайди.

“Эркак киши бошлаган ишини ярмида ташлаб кетмайди”. “Инсон бошқаларни енгиши учун, аввал ўзини енгиши керак. Ўзидаги менни юқотиши керак. Ўзини енганни ҳечким енга олмайди!” каби олтин шиорлар билан спорт мусобақаларига кирувчи Шахрам талабаларни ўз олдига қўйган мақсадлари сари олға боришларига ундади.

Ёшлар масалалари, маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Тоҳир Эвадуллаев томонидан институт тарихи ва фаолияти тўғрисида берилган маълумотлар Ш.Ғиёсовда катта таассурот қолдирди. Ш.Ғиёсов навбатдаги мусобақаларда ҳам юқори натижалар кўрсатиб, яна ТИИга ташриф буюришини таъкидлади.

Спорт тадбирларида яхши натижа кўрсатган талабаларга Ш.Ғиёсов институт мақтов ёрлиғи ва эсдалик совғаларини топширди. Шу билан бирга бугунги самимий суҳбат ва ташриф учун ректор М.Муҳаммадсиддиқов Ш.Ғиёсовга ҳам эсдалик совғаларни тақдим қилди.

Ш.Ғиёсов хайрия ишлари билан ҳам шуғулланишини ижтимоий тармоқлар орқали биламиз. У бокс қўлқопини ким ошди савдосига қўйиб, тушган маблағларни оққон касаллиги билан оғриган беморларни даволаш учун йўналтирмоқчи. Аллоҳ хайрли ишларини қабул қилсин!

ТИИ Матбуот хизмати

428691cookie-check“Ўзбекистон ифтихори” билан учрашув

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: