islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Инсон ҳуқуқлари – фаровон ҳаёт гарови

Маълумки тарих саҳифаларида Ислом низоми инсон ҳуқуқига тегишли масалаларни биринчи бўлиб, энг мукаммал ва энг кенг миқёсда татбиқ қилгани олтин ҳарфлар ила битилгандир.

Ислом пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва у кишининг рошид халифалари даврида яшаган мусулмон халқлар инсон ҳуқуқлари масаласида катта ютуқларга эришган халқлар экани ҳам маълум ҳақиқатдир.

Бундан ўн беш аср олдин бу ишни рўёбга чиқиши ажабланарли эмас. Чунки, Исломдаги инсон ҳуқуқлари манбаси илоҳий манбадир. Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари шиори остида кўтарилаётган масалалар рўйхатига назар соладиган бўлсак, ушбу масалалар Ислом динида муфассал кўриб чиқилгани, уларни ҳал қилиш катта муваффақият билан йўлга қўйилганини кўрамиз. Мисол учун мусулмон буюк ҳуқуқшуносларидан бири Бурҳониддин Марғиноний XII асрдаёқ ўзининг “Ҳидоя” асарида ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқини сақлаш зарурлиги тўғрисида муҳим ғояни илгари сурган эди.

Шунингдек, Жиззах воҳасида камол топган машҳур ҳуқуқшунос аллома Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшонийнинг XIII асрда яратилган “Жомеъ аҳком ас-сиғор” (“Бола ҳуқуқлари кодекси”) ноёб асари жаҳон тарихидаги болалар ҳуқуқи бўйича дастлабки мукаммал ҳуқуқий манбадир. Унда болалар, хусусан, етим болалар ҳуқуқлари, болалик ва оталикни белгилаш, бола тарбияси, боланинг ота-онаси олдидаги бурч ва мажбуриятлари каби масалалар атрофлича таҳлил қилиниб, ислом ҳуқуқи асосида қандай ечимлар мавжудлиги кўрсатиб берилган.

Ана шундай эзгу қадриятлар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган ва ислоҳотларнинг кун тартибига ҳамоҳангдир.

Инсон ҳуқуқлари ғояси диний ва ҳуқуқий асарлардагина эмас, фалсафий тафаккурнинг энг сара меваларида ҳам ўз аксини топган. Марказий Осиёнинг энг йирик мутафаккирларидан бири Абу Наср Форобий (873-950) ўзининг «Фозил одамлар шаҳри» деган асарида айтган, фозил шаҳар ҳукмдори «шаҳар учун дастлабки имомлар томонидан жорий этилган қонунлар, қоидалар ва расм- русумларни биладиган, ёдда тутадиган ва ўз ишлари, ҳаракатларида уларга риоя этадиган» бўлмоғи лозим. Бошқача қилиб айтганда, фозил шаҳарда инсон ҳуқуқларини амалга оширишнинг энг асосий омили бўлган қонун устунлигига риоя этилмоғи лозим. Ер юзида бахт-саодатга эришувнинг шартларидан бири ҳам шу. «Агар халқлар бахт-саодатга эришиш учун бир-бирларига ёрдам берадиган бўлсалар, бутун курра-и замин фозил ва оқил бўлиб қолади», деб ёзган Форобий инсонпарварлик соҳасида, мурувватпешаликда, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳамкорлик имкониятларини олдиндан кўргандек.

Бугунги кунда ҳам мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари демократик жамиятнинг энг олий қадрияти сифатида қарор топиши учун барча чоралар кўрилмоқда. Фуқароларнинг эмин-эркин яшаш, уй-жой ва ер-мулкка эга бўлиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш, билим олиш каби табиий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва уларни қатъий давом эттирилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сон Фармони ана шулар жумласидандир. Шу билан бирга “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги 28.01.2022 йилдаги ПФ-60-сон Президент Фармони қабул қилинди. Фармон билан “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида ишлаб чиқилган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.

Дарҳақиқат Дунёда ҳеч қачон бир хил тонг отмайди. Лекин жаҳондаги барча халқ ва давлатлар, бутун инсоният ёруғ тонгга қараб интилишдан чарчамайди. Уларнинг барчаси тинч, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишни, бу тириклик оламида ўзининг тараққиёт тонги, юксалиш даврлари бўлишини истайди.

“Ўзбекистон” деб аталган гўзал ва қадимий диёр фарзандлари ҳам бугун миллий ривожланиш уфқларини аниқ белгилаб, истиқбол сари улкан қадамлар билан бормоқда. Босиб ўтилган йўл, эришилган ҳар бир марра буюк манзилга Учинчи Ренессанс тонгига яқинлаштирмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Инсон ҳуқуқлари масаласи дунё сиёсатидаги бош масалалардан бири бўлиб турибди.

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда ғоят муҳим ўринда туриши лозим. Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини эътиборга олмасдан ривожланиш стратегияси ҳақида ўйлаш пойдеворсиз уй қуришга ўхшайди. Бир қарашда мустаҳкам кўриниши мумкин, аммо босим остида қулаб тушиши эҳтимоли катта. Аксинча, инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари устувор бўлса, ривожланиш инклюзив, мустаҳкам ва чинакам ўзгарувчан бўлади.

Тошкент ислом институти талабаси

Алимов Муҳаммадали

431040cookie-checkИнсон ҳуқуқлари – фаровон ҳаёт гарови

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: