Қуръонда шундай дейилган:
“Сен уларга: “Айтинг-чи, агар Аллоҳ кечани қиёмат кунигача доимий қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ сизга ёруғлик келтира олур? Эшитмайсизларми?!” деб айт.
Сен уларга: “Айтинг-чи, агар Аллоҳ кундузни қиёмат кунигача доимий қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ сизларга ором оладиганингиз кечани келтира олади?! Кўрмайсизларми?!” деб айт” – Қасос сураси, 71-72-оятлар.
Қасос сурасининг 71-оятида кеча ҳақида сўз бориб, оят эшитишни зикр қилиб, “эшитмайсизларми” деган хитоб билан тугамоқда. Чунки тунда кўришдан кўра эшитиш имконияти юқорироқ.
Худди шундай, шу суранинг навбатдаги 72-оятида кундуз ҳақида сўз кетиб, оят кўриш ҳақидаги эслатма, “кўрмайсизларми” деган савол билан тугаган. Чунки кундузи кўриш имконияти кечадан кўра кучлироқдир.
Кечаси қулоқ кўздан кўра яхшироқ информация ололади, шунинг учун қоронғиликда кўриш эмас, эшитиш устунлик қилади.
Кундузи кўз қулоқдан кўра кўпроқ атроф-муҳитни кўриб англай олади, шунинг учун ҳам ёруғликда кўриш эшитишдан кучлироқдир.
Шу каби мисоллар Қуръони каримнинг бутун борлиғи билан тўғри ва мукаммал Калом эканлигини кўрсатади.
Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани
бош имом-хатиби Ғулом Жуманов