“Зулқарнайн Иброҳим алайҳиссалом пайғамбарлиги даврида яшаган, тавҳидга асосланган динда бўлган, миллати араб эди ва бу кўпчилик айтадиган Искандар эмас” – “Фатҳул борий”, 6/383.
“Зулқарнайн бутун дунёни бошқарган тўрт кишидан бири эди. Қолган учтаси Сулаймон алайҳиссалом, Намруд ва Навухадназардир.
Зулқарнайн одил ва адолатли ҳукмдор бўлиб, ўз вазифасини бажариш ва янги ерларни забт етиш учун барча зарур воситаларга эга эди” – “Тафсири Қуртубий”.
Зулқарнайннинг “икки шох эгаси” деб аталиши ҳақида бир неча версиялар мавжуд. Шулардан биринчисига кўра, у Шарқу Ғарб ерларига эга бўлгани учун шундай аталган. Бошқача қилиб айтганда, икки шохнинг маъноси дунёнинг икки қутби орасидаги ҳудудларга ишора қилади. Бошқа бир фикрга кўра, у икки шохли дубулға кийган, шунинг учун унга Зулқарнайн лақабини беришган.
“Яна сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Энди мен сизларга у ҳақдаги хабарни тиловат қилурман”.
Дарҳақиқат, Биз унга бу ерда салтанат – ҳукмронлик бердик ва барча нарсасига йўл-имконият ато этдик” – Каҳф, 83-84.
Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани,
Сайфин ота жоме масжиди имом-хатиби
Облоқулов Аъзам